Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги 2015-2016 йиллар мобайнида Ўзбекистон аҳолисининг туз истеъмол қилиш даражасини аниқлаш бўйича тадқиқот олиб борди. У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилган, деб ёзмоқда Podrobno.uz сайти.

Ўзбекистон Республикаси ЖССТнинг Европа минтақасида шундай тадқиқот ўтказган илк мамлакат бўлгани таъкидланмоқда. Аҳоли ўртасида туз истеъмоли даражасини ўрганиш натижасида аниқланишича, республиканинг 18-64 ёшли аҳолиси орасидаги туз истеъмол қилиш миқдори кунига ўртача 14,9 граммни ташкил этади. 

Бунда, 46,5 фоиз аҳолининг туз истеъмоли юқори экани (кунига 15 граммдан кўп) 53,2 фоиз аҳолининг бу борадаги кўрсаткичи ўртача, (кунига 7,5-15,0 г) ва 0,3 фоиз фуқаролар кам (кунига 7,5 граммдан кам) экани таъкидланган. Катта ёшдаги эркакларнинг 75 фоизи кунига 15 граммдан кўп туз истеъмол қилади. 

Шу билан бирга, жинслар ўртасида, шунингдек, шаҳар ва қишлоқликлар орасида ҳам туз истеъмоли борасида тафовут аниқланмаган. Умуман, тадқиқот натижаси шуни кўрсатганки, Ўзбекистон аҳолисининг туз истеъмол қилиш даражаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилган бир кунлик меъёрдан (кунига 5 граммдан кам) 3 марта ортиқдир. 

Тиббиёт соҳаси мутахассисларининг фикрича, тузни кўп истеъмол қилиш қон босими ортишига олиб келади. Бунинг натижасида, юрак хасталиклари ва инсульт хавфи кучаяди. 

Агар, кунлик туз истеъмолини тавсия қилинган 5 граммлик кўрсаткичга туширишга эришилса, жаҳон бўйича бир йилда 1,7 миллион инсоннинг юқоридаги касалликлар туфайли жон беришининг олди олинган бўлар эди. Инсонлар кўп ҳолларда, бир кунда қанча туз истеъмол қилаётганларини тасаввур ҳам қила олишмайди. Кўплаб мамлакатларда, тузнинг катта қисми қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари ёки кўпроқ истеъмол қилинадиган маҳсулотлар (нон) орқали қабул қилинади.