Хитойнинг Гуандун вилоятида истиқомат қилувчи аёл тўрт нафар ёш қизини пичоқлади. У ўғил фарзанд кўришни орзу қилган бўлиб, қотилликни депрессия ҳолатда амалга оширган бўлиши мумкин, деб ёзади South China Morning Post нашри маҳаллий ОАВга асосан. 

Воқеа Чжанцзян шаҳар округидаги қишлоқлардан бирида рўй берган. Маҳаллий телерадиостанция маълумотларига кўра, Чжоу фамилиялик 31 ёшли аёл ноябрь ойида бешинчи қиз фарзандини дунёга келтирган. 

Хабар қилинишича, Чжоу ва унинг турмуш ўртоғи ўғил фарзанд ҳақида орзу қилишган, бироқ уларда фақат қизлар дунёга келаверган. Бешинчи қиз туғилгач, аёл депрессиядан азият чеккан. Ўтган жума куни эса у ошхона пичоғини қўлга олиб, қизларига ҳужум қилган. Қизчалар тезлик билан касалхонага етказилди, бироқ улардан тўрт нафари олинган жароҳатлар сабаб ҳаётдан кўз юмишди.

Қотил-она қўлга олинди. Айни дамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.