2017 йилда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги «Саломатлик-3» дастури доирасида туман шифохоналарини даволаш ҳоллари бўйича молиялаш тизимини синовдан ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Today нашри ёзмоқда.

Бугунги кунда давлат туман шифохоналари беморлар учун ажратилган ўринлар сони бўйича молиялаштирилади. Яқин-яқинларгача, дунёнинг аксар мамлакатида ҳам шундай тизим асосида иш юритилган. Бироқ, эндиликда, ўз шифохоналарини беморларнинг жорий сонига кўра молиялаштириш тизимига ўтаётган мамлакатлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бу ўз навбатида, шифохоналарни молиялаш учун ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш ва даволаш сифатини ошириш имконини беради. Чунки, маблағ аниқ беморга, унинг эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда ажратилади. 

Ўзбекистонда мазкур тизим Президентнинг ««Соғлиқни сақлаш тизимини молиялашни такомиллаштириш («Саломатлик-3») чоралари тўғрисида»ги қарори билан Жаҳон банки Халқаро тараққиёт Ассоциацияси молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда, Бешариқ, Олтиариқ, Қуштепа туман марказий шифохоналарида ушбу тизимни жорий қилиш бўйича тажриба ўтказилмоқда. 

Келаси йилда, асосий эътибор ҳисоботлар ва маълумотларни тўплаш жараёнини такомиллаштиришга қаратилади. Бундан ташқари, тизимни жорий қилиш ва унинг ишлашини таъминловчи дастурий таъминот тайёрланади. Шу билан бирга, Саломатлик ва тиббий статистика Институти билан биргаликда, махсус курслар ташкил этилади. Бу эса, шифокорларга янги услубда ишлаш технологиясини тезроқ ўзлаштиришларига ёрдам беради.