Ўзбекистоннинг ёш шахматчилари Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Нодирбек Абдусатторов ўн уч ёшгача ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда россиялик Никита Стяжкин, Руслан Муртазин, туркиялик Жан Хактан Унат, жамоадоши Суҳробжон Авалбоев, қозоғистонлик Казибек Ногербек, руминиялик Богдан-Эмануэль Давид ва ҳиндистонлик Ришаб Шоҳни енгиб,  Шри-Ланка шахматчилари – Ранинду Дилшан Лиянаже ва Тилакартне билан дуранг ўйнади. Тўққиз партиянинг биронтасида мағлубиятга учрамаган шахматчимиз саккиз очко билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Нодирбек Ёқуббоев эса ўн беш ёшгача ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда тўққиз имкониятдан етти очко жамғариб, учинчи ўринни эгаллади.

Етти ёшгача қизлар ўртасидаги баҳсларда Афрўза Ҳамдамова 7,5 очко билан олтин, Одина Олимова 6,5 очко билан кумуш медалга сазовор бўлди.

Шу ёшдаги ўғил болалар ўртасида Ҳумоюн Бегмуродов тўққиз партиянинг еттитасида ғалаба қозониб, учинчи ўринни эгаллади.

Ўн бир ёшгача ўғил болалар ўртасида Жавоҳир Синдоров тўққиз имкониятдан етти очко жамғариб, кумуш медаль билан тақдирланди.