«Бешиктош» стадиони олдида терактлар содир этилган куннинг эртасига ушбу жамоанинг ашаддий рақибларидан бири бўлмиш «Галатасарой» жамоаси чемпионатдаги навбатдаги учрашувини ўтказди.

«Газиантепспор»га қарши кечган ва 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ушбу учрашувда истанбулликлар жамоаси ярим ҳимоячиси Ясин Ўзтекин 3та гол урди.

У биринчи голини ургач, майдон четига чопиб бориб, стадионда хавфсизликни таъминлаб турган полициячилар қаршисида "честь" берган. Бироз муддатдан кейин футболчи полициячилар олдига бориб, уларни қучоқлаб, ҳамдардлигини ифодалаган.

Эслатиб ўтамиз, 10 декабрь оқшомида «Бешиктош»нинг уй ўйинлари ўтадиган «Водафоне Арена» ўйингоҳи яқинида «Бурсаспор»га қарши ўйиндан кейин бир неча соат ўтиб, портлашлар содир бўлди. Полициячиларга қарши қаратилган бу ҳужум оқибатида 38 киши ҳалок бўлди ва 100дан ортиқ киши жароҳатланди. Уларнинг аксари полициячилар.