Россия махсус хизматлари ходимлари 2016 йилда 42 терактнинг олдини олишди ва 129 нафар жангарини йўқ қилишди. Бу ҳақида ФХХ  раҳбари Александр Бортниковнинг Миллий аксилтеррор қўмита ва  Федерал оператив штаб йиғилишидаги нутқига асосланиб, ТАСС агентлиги хабар берди

"Бу йил Россияда контртеррор операциялар давомида 129 нафар жангари, жумладан 22 нафар етакчи йўқ қилинди. Россиянинг турли шаҳарларида, шу жумладан Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург ва Нижний Новгородда 42 терактнинг олди олинди", - деди хавфсизлик хизмати раҳбари. 

Унинг сўзларига кўра, 2016 йилда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан 898 нафар қароқчи қўлга олинган. Шунингдек ИШИД тарафдори бўлган «Вилаят Кавказ» раҳбари ҳам йўқ қилинган.