АҚШ фуқароларининг ҳар олтинчиси ҳеч бўлмаса, бир марта руҳий тушкунлик ва депрессия ёки инсон мияси ва руҳиятига боғлиқ бўлган бошқа хасталиклар сабабли турли дориларни қабул қилган. Бу ҳақда бир гуруҳ шифокорлар JAMA Internal Medicine журналида эълон қилган мақолада маълум қилишган.

Ўтган йили Нобель мукофоти совриндори Ангус Дитон ва бир неча нафар социологлар, АҚШда ҳақиқий "хўжалик гиёҳвандлиги" кенг тарқалганини таъкидлашган эди. Бу шифокорлар ва аҳоли орасида опийли оғриқсизлантирувчи дорилар машҳурлашиб кетгани билан боғлиқ. Бироқ, сўнгги йилларда, Америка аҳолисининг айрим гуруҳлари орасида ўлим ҳоллари камайиши ўрнига, аксинча, кўпаймоқда. 

Кейинроқ, Пенсильвания университети олимлари аниқлашича, ўлим ва ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳоллари нафақат опийли анальгетиклар, балки оддий аксилдепрессант дориларга ҳам боғлиқдир. 

Шу каби дорилар қўлланилишига оид статистика маълумотлари тўплаган олимларнинг таъкидлашича, Американинг катта ёшли фуқароларининг 16 фоизи ёки олтидан бири шифокорлардан юқоридаги дориларни харид қилиш учун рецепт ёзиб беришни талаб қилишган. 
 
12 фоиздан кўп америкалик доимий равишда аксилдепрессантларни қабул қилишини билдирган, 8 фоизга яқини анксиолитик ва бошқа турдаги тинчлантирувчи дориларни истеъмол қилишини айтган бўлса, уларнинг 80 фоизга яқини бу каби дорилардан узоқ муддат мобайнида фойдаланишини айтишган.