Австралиялик олимлар олмосни такомиллаштириб, уни янада мустаҳкамроқ қилишди. Ушбу иш ҳақидаги ҳисобот Scientific Reports журналида чоп этилди.

"Такомиллашган" олмос учун асос сифатида лонсдейлит – 1966 йилда очилган гексагонал олмос олинди. У олмосдан 58 фоизга қаттиқроқ ҳисобланади. Лонсдейлитни лаборатория шароитларида олиш анча мураккабдир ва шу сабабли унинг амалий қўлланиши эҳтимоли деярли оздир. Бироқ олимлар лонсдейлитнинг нано ўлчамдаги намунасини ярата олдилар ва у оригинал лонсдейлитдан қаттиқроқ чиқди. Олимлар жамоасининг тахминича, бу олмосдан, мисол учун, конларда жуда қаттиқ моддалар ва оддий олмосларни қирқиш учун фойдаланиш мумкин.

Ўта қаттиқ олмосни графитдан пресс қурилмаси ёрдамида яратишга муваффақ бўлинди. Бу қурилмада бир-бирига қарама-қарши иккита олмос жойлаштирилган ва улар ёрдамида Ер қаъридаги босимга ўхшаш жуда катта босим яратилади. Бунинг эвазига қурилмада 400 °С иссиқлиқда олмослар яратиш мумкин. Таққослаш учун шуни айтиш мумкинки, анъанавий усулларда бунинг учун 1000°С гача ҳарорат талаб этилади. Олимлар кейинроқ олинган моддани синовдан ўтказиб, унинг қаттиқлигини янада аниқроқ ўрнатишмоқчи.