12 декабрь куни Европа чемпионлар лигасининг 1/8 финал учрашувлари учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. «Арсенал» яна «Бавария»га қарши ўйнайдиган бўлди, «Реал» кўпчиликнинг наздида яна тушиши мумкин бўлган энг осон рақибга дуч келди. Бошланганига икки ой вақт бўлган плей-офф босқичи ҳозирданоқ турли баҳс мунозараларга сабаб бўлмоқда. Tribuna.Uz жуфтликларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтади.

ПСЖ – Барселона (14 февраль, 2017 йил)
Бир йиллик танаффусдан кейин бу икки жамоа яна тўқнаш келадиган бўлди. 2013-2015 йиллар давомида жамоа кетма-кет уч марта ўзаро ўйинларда майдонга тушишган. Шулардан иккитаси плей-офф босқичига тўғри келган бўлса, бир марта жамоалар битта гуруҳдан жой олишганди.  2013 йил «Барселона» иккита дуранг натижасида (1:1, 2:2) ярим финал йўлланмасини қўлга киритган бўлса, 2014 йилда «Барселона» гуруҳда биринчи, «ПСЖ» иккинчи ўринни эгаллаб кейинги босқичга йўл олганди. Ўзаро учрашувларда жамоалар биттадан ғалаба алмашишган. Парижда 3:2, Каталонияда 3:1 – мезбонлар фойдасига. Ўша мавсумнинг баҳорги қисмида жамоалар яна бир бор чорак финал доирасида тўқнаш келишди. Парижда 3:1, Барселонада 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган Энрике шогирдлари ярим финал йўлланмаси, кейинчалик эса мусобақа бош совринини қўлга киритганди.

Умуман олганда жамоалар бунгача ўтган асрда 3 марта тўқнаш келишган. 1994/95 йилги мавсумда «ПСЖ» икки ўйин натижасига кўра (1:1, 2:1) «Барселона»ни мусобақадан чиқариб юборган. 1997 йилда эса ўша пайтлар мавжуд бўлган Кубок эгалари кубоги финалида «Барселона» ғалаба қозониб, кубокка эга чиққан.

Бўлажак ўйин
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳар қандай рақибга қарши «Барселона» фаворит жамоа сифатида эътироф этилади. Бўлажак ўйинда ҳам айнан каталонияликлар фаворит саналишмоқда. Боз устига, Париж ҳам сўнгги вақтларда чемпионатда ҳам, чемпионлар лигасида ҳам кутилганидек ўйин намойиш қила олмаяпти. «Барселона»да ҳам бир қарашда ички чемпионатда барчаси кўнгилдагидек кетаётгани йўқ. Жамоа азалий рақибидан 6 очкога ортда бормоқда. Бироқ ЕЧЛ жамоада ва Мессида ҳаммаси жойида эканини кўрсатиб берди. Февралгача вазият қандай бўлиши ҳам муҳим. Футболчилар ўша даврга қай ҳолатда етиб келиши, жароҳатлар ва бошқа бир неча омиллар ҳам учрашувда ўз сўзини айтиши тайин. Ҳозирча эса барчаси «Барселона»нинг навбатдаги муваффақияти сари йўл кўрсатмоқда

Tribuna.Uz талқини бўйича имкониятлар: 35-65

Бенфика – Боруссия Дортмунд (14 февраль, 2017 йил)
Еврокубоклар доирасида тез-тез учрашадиган жуфтликлар қанчалик бўлса, бу жуфтлик уларнинг бутунлай тескариси дейиш мумкин. Ўша машҳур Эйсебио давридан буён жамоалар ҳеч қандай расмий мусобақа давомида ўзаро рўбарў келишмаган.

Бўлажак ўйин
Ном жиҳатдан олиб қаралганда «Боруссия» сўзсиз фаворит саналиши табиий. Жамоа гуруҳ босқичини ўта ишончли ўтказди. «Реал» ортда қолдирилди. Гуруҳ босқичида кўп гол киритиш бўйича рекорд янгиланди. Бироқ ўйингача бўлган муддатга қадар футболчиларнинг қандай спорт формасида бўлиши жуда муҳим. Айниқса, «Боруссия» каби жамоалар учун. Жамоа етакчиси Ройс жароҳатидан фориғ бўлиб сафга қайтган, бироқ унинг тез-тез лазаретда меҳмон бўлишини ҳисобга олсак, февралда унинг соғлом бўлиши муҳим. Геррейро, Шмельцер каби мавсумнинг дастлабки қисмини ўтказиб юборган асосий таркиб футболчилари учун ҳам тегишли бу гап.

Ҳозирча эса, Tribuna.Uz талқини бўйича имкониятлар: 40-60

Бавария – Арсенал (15 февраль, 2017 йил)
«Инсоният тўхтовсиз кузатиши мумкин бўлган учта нарса бор: сувнинг оқиши, оловнинг ёниши ва «Арсенал» ЕЧЛда ҳар доим «Бавария»га рақиб бўлиши». Сўнгги йилларда шу ремикс ибора урфга кирди. 2016 йилги 1/8 финалда «Арсенал» «Барселона» билан куч синашганди. Ундан олдинги икки мавсум кетма-кет инглизлар ва немислар бу босқичда ўзаро тўқнаш келишган ва ҳар сафар «Бавария»нинг қўли баланд келган. (2013 йил Лондонда 1:3, Мюнхенда 0:2, 2014 йил Лондонда 0:2, Мюнхенда 1:1). 2015/16 мавсум гуруҳ босқичида эса Лондонда 2:0 ҳисобида Венгер шогирдлари ғалаба қозонган бўлса, Германияда 5:1 ҳисобида мезбонлар зафар қучган. 2005 йилда ҳам жамоалар 1/8 финалда дуч келган ва юқоридаги каби ҳолат кузатилган (Мюнхенда 3:1, Лондонда 1:0 – мезбонлар фойдасига).

Бўлажак ўйин

«Бавария» Гвардиола кетгач, бутунлай бошқача ўйин услубдаги италиялик мураббий билан янгича футболга мослашиши бироз қийин кечмоқда. Жамоа 3 турдан кейин ниҳоят Германия чемпионатида пешқадамликни қайтариб олди. Чемпионлар лигасида эса узоқ вақтдан буён илк марта гуруҳни иккинчи ўринда якунлади. Венгер кўп нолийдиган гуруҳ босқичидаги иккинчи ўрин синдромидан қутулганига қарамай, бу сафар «Бавария»га дуч келди. Лондонликлар АПЛда «Челси»га энг муносиб қаршилик қилиб турган жамоа бўлиб туришибди. 

Германия тез орада давралар оралиғидаги танаффусга чиқиб кетади. Бир тарафдан бу футболчиларнинг ҳордиқ чиқариб олиши учун яхши бўлиши мумкин. Бироқ икки ҳафтада жамоа оптимал спорт формасига чиқа оладими, йўқми бу ҳам қўшимча савол.

Tribuna.Uz талқини бўйича имкониятлар: 55-45

Реал Мадрид – Наполи (15 февраль, 2017 йил)
«Лестер» ёки «Наполи» мадридликлар учун энг қулай рақиблар сифатида кўрилганди. Кўп кўтариладиган мавзу «Реал»га бу сафар ҳам қуръада омад кулиб боқди дейиш мумкин. Ҳигуаин билан ўтган мавсумни жуда яхши ўтказган «Наполи» бу сафар аргентиналик ҳужумчисиз бутунлай бошқача футбол намойиш этмоқда. Бугунги жамоа амалда «Реал»ни тўхтатиб қолиши мумкин бўлган фавқулодда кучга эмасдек кўринмоқда.

Иккала жамоа ҳам еврокубокларда кўп учрашадиган жамоалар сирасига кирмайди. Келгуси йили бу жамоаларнинг сўнгги тўқнашувига 20 йил тўлади. 1987 йилнинг кузида УЕФА кубоги 1/16 финал доирасида ўтган учрашувда икки ўйин натижасига кўра (2:0, 1:1) мадридликлар зафар қучишганди. Ҳозирча бу икки жамоанинг расмий учрашувлар тарихига ёзилган ягона қарама-қаршилик бўлиб турибди.

Бўлажак ўйин
«Реал» фантастик спорт формасига кириб улгурган. Жамоа охирги марта мағлубиятга учраганига ҳам тез орада 40та учрашув бўлади. Февраль ойида ҳам Зидан шогирдлари шундай спорт формасини сақлаб қолса, «Наполи»дан бирор каромат кутиш фойдасиз бўлади. Неаполликлар евромавсумни ҳам бир текисда ўтказа олмади. Дастлабки икки учрашувни ғалаба билан якунлаган жамоа, кейинчалик ўзига муаммоларни орттириб олди ва фақатгина сўнгги турдагина ўзига келиб гуруҳда ғалаба қозонишни уддалади. Февралда Сарри шогирдларини жуда мураккаб учрашув кутиб турибди. Ҳозирча бу улкан бошоғриқни жамоа қандай енгиб ўтади – буниси қоронғу.

Tribuna.Uz талқини бўйича имкониятлар: 65-35

Евромавсумнинг баҳорги қисми дастлабки ҳафтаси мана шу учрашувлардан иборат. Иккинчи ҳафтада ўтказиладиган қолган 4та учрашув ҳақида эса кейинроқ.