Гамбия хавфсизлик хизмати ходимлари мамлакат президенти мағлубияти билан якунланган сайловда ишлаган сайлов комиссияси штабини эгаллаб олди. Бу ҳақда сайлов комиссияси раисига асосланган ҳолда Рейтер агентлиги хабар берган.

"Ҳарбийлар менинг хонамга бостириб киришди ва бошқа ҳеч нарсага қўл теккизмасдан бинони тарк этишга буйруқ беришди. Мен ўз хавфсизлигимдан хавотирдаман", деган у.

Сайлов комиссиясининг бошқа бир ходимини эса бинодан чиқаришмаган.

Гамбияни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Яйя Жамме 1 декабрда бўлиб ўтган президент сайловида 36,7 фоиз, унинг мухолифатчи рақиби, Бирлашган демократик партия номзоди Адам Барроу эса 45,5 фоиз овоз олиб енгилганди.

3 декабрда Жамме мағлубиятини тан олди, бироқ бир ҳафтадан сўнг сайлов комиссиясидаги «йўл қўйиб бўлмас камчиликлар»ни рўкач қилиб, янги сайловлар ўтказишга чақирди.

Барроу эса ўзини муваққат давлат раҳбари деб эълон қилиб, Жамме сайлов натижаларига эътироз билдиришга ҳақли эмаслигини эътироф этмоқда.

Бир муддат илгари Африка иттифоқи Жаммени истеъфо беришга чақирган эди.

Шунингдек, Ғарбий Африка мамлакатлари иқтисодий ҳамжамияти делегацияси, шу жумладан, унинг таркибидаги тўрт нафар президент Гамбияга йўл олиб, амалдаги давлат раҳбари Яйя Жамме ҳокимиятни топширгиси келмаётгани туфайли келиб чиққан сиёсий инқирозни бартараф этишда қатнашиши ҳақида хабар берилган.

Гуруҳга Либерия президенти Эллен Жонсон-Сирлиф бошчилик қилади. Гамбия пойтахти Банжулга, Нигерия, Сьерра-Леоне ва Гана раҳбарлари Муҳаммаду Бухорий, Эрнест Бай Корома ва Жон Драмани Махама йўл олади. Делегация Жаммедан ҳокимиятни сайланган президент Адама Барроуга топширишни талаб қилади.