Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 13 декабрда "Қозоғистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан амнистия ҳақида"ги қонунни имзолади, деб хабар бермоқда Назарбоев матбуот хизмати.

"Юртдошларимизга нисбатан бу раҳмдиллик, умид ва афв этиш амали жамиятни соғломлаштиришга имкон беради. Амнистия ижтимоий заиф тоифаларни, яъни балоғатга етмаганлар, ҳомиладор ва болали аёллар, ногиронлар, кекса кишиларни қамраб олади", деб айтди Назарбоев. 

Назарбоев мустақиллик йиллари давомида 8 маротаба амнистия эълон қилинганини таъкидлаб ўтди.

"Амнистия ҳаммаси бўлиб 28 минг кишини қамраб олади. Бу Мустақиллигимиз юбилейи арафасида муҳим инсонпарварлик акциясидир", деб таъкидлаб ўтди Назарбоев.  

Қозоғистон президенти 1500 киши ахлоқ-тузатиш муассасаларидан озод қилиниши, улардан 80 фоизи махсус (пробация) хизматлар назоратида бўлишини айтди. 

"Уларнинг барчаси бизнинг фуқаролардир. Уларга тузалиш йўлига туришга ва жамиятда ўз ўрнини топишга имкон бериш керак. Биз барчамиз уларга ёрдам беришимиз лозим. Умид қиламанки, афв этилганлар келгусида бошқа қонунбузарликларга йўл қўймайдилар", деб ўз сўзларини ниҳоялади Назарбоев. 

Назарбоев Мустақиллик йиллари давомида мамлакатда қонунчиликнинг инсонпарварлашуви йўлида катта иш қилинганини қайд қилиб ўтди.