Европа чемпионлар лигасининг 1/8 финал иккинчи ҳафтада ўтказиладиган ўйинлари биринчи ҳафтасида бўлгани каби унчалик ҳам жарангдор деб бўлмайди. Ҳар битта жуфтликда нисбатан чорак финалга муносиброқ жамоани кўриш мумкин. Tribuna.Uz навбатдаги тўртта жуфтликни таҳлил қилиб кўради.

Байер – Атлетико Мадрид (21 февраль, 2017 йил)

Бу жамоалар ҳам бундан 2 йил муқаддам плей-оффнинг шу босқичида ўзаро рўбарў келишганди. Иккита ўйинда ҳам мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган, Мадриддаги учрашувда пенальтилар серияси бўлиб ўтган. Лотереялар баҳсида «Атлетико» устун келганди. Қизиқ томони иккала жамоа учрашган йилларида доим тенглик кузатилади. 2010 йилда бу икки клуб бир гуруҳдан жой олган ва иккита ўйинда ҳам 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилганди.

Бўлажак ўйин
Ҳозирги кунга келиб испан жамоасини фаворит санаш мумкин. Бироқ сўнгги икки йилдаги айнан шу босқичдаги ўйинларига қарасак, Симеоне шогирдлари осонлик билан кейинги босқичга ўтмаганини кўришимиз мумкин. Аввалига «Байер», ўтган йили эса ПСВ фақатгина пенальтилар сериясида мағлуб этилган. Шундай экан, бизни олдинда жуда қизиқарли ўйин кутиб тургани шубҳасиз.

(Tribuna.Uz талқинига кўра) Имкониятлар: 45-55

Манчестер Сити – Монако (21 февраль, 2017 йил)
Европанинг жорий мавсумдаги энг кучли ҳужум чизиғига эга бўлиб турган «Монако» ҳимояда жуда кўп муаммоларга учраётган «Манчестер Сити»га қарши майдонга чиқади. Аслида Жардим ўзининг ҳимоявий ўйин услуби билан танилган. Бироқ жорий мавсумда унинг жамоаси ҳужумкор ўйини билан ажралиб турибди. Мавсумнинг ярмига ҳам етмай туриб жамоа 53 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилганининг ўзиёқ кўп нарсани англатиб турибди.

Бу икки жамоа бир-бири учун мутлақо янги клуб саналади. Шу кунга қадар «Монако» ва «Манчестер Сити» ўзаро бирорта учрашувда ҳам майдонга чиқмаган.

Бўлажак ўйин
Бир қарашда Хосеп Гвардиола жамоаси жуфтликда фаворит кўриниши мумкин. Бироқ сўнгги пайтларда «Манчестер Сити» кўрсатаётган ўйин айнан «Монако» каби жамоалар учун жуда қулай усул бўлиб чиқмоқда. Жардим Франция чемпионатида ҳужумкор футбол намойиш этаётган бўлишига қарамай, «Сити» каби тўп билан тотал устунликда муомалада бўлишни яхши кўрадиган жамоалар билан қарши ҳужумда ўйнашни жуда яхши кўради. «Арсенал»га қарши икки мавсум олдинги ўйин бунга яққол мисол.

Порту – Ювентус (22 февраль, 2017 йил)
Ўтган йилги мавсум сўнгги турида имкониятни бой бериб, биринчи ўриндан маҳрум бўлган «Ювентус» 1/8 финалда энг яхши спорт формасида бўлган «Бавария»га рўбарў келиб қолган ва мусобақа билан хайрлашганди. Бу сафар энди нисбатан кучсизроқ рақиб Аллегри жамоаси йўлида пайдо бўлади.

Икки жамоа сўнгги марта янги аср бошида гуруҳ босқичида ўзаро рўбарў келишганди. Португалияда ҳисоб очилмаган бўлса, Туринда мезбонлар 3:1 ҳисобида зафар қучган. Бунгача эса 1984 йилда Кубок эгалари кубоги финалида «Ювентус» 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб бош совринга эга чиққанди.

Бўлажак ўйин.
Сўзсиз «Ювентус» учрашувнинг фаворити сифатида қаралмоқда. Аммо «Порту» узоқ йиллардан буён кучли рақибларга қарши «чақилмас ёнғоқ» бўлишини ҳисобга олинса, барчаси бошқача тус олиши ҳам мумкин. Шунингдек, Аллегри жамоасида сўнгги пайтларда жароҳат олган футболчилар жуда ҳам кўпчиликни ташкил қилмоқда. Февралнинг сўнгги ҳафтасида жамоа қандай спорт формасида етиб келади, ҳозирча бу қоронғу.

Tribuna.Uz талқинига кўра имкониятлар: 40-60

Севилья – Лестер (22 февраль, 2017 йил)

Кўпчиликнинг фикрига кўра, энг заиф жуфтлик. Айнан мана шу икки жамоа иштирокидаги ўйин, янграган фикрларга кўра чорак финал аутсайдерини аниқлаб бериши керак.

Иккала жамоа ҳам шу кунга қадар еврокубоклар доирасида бирор марта дуч келишмаган. «Лестер»нинг бу каби мусобақага ҳар доим ҳам меҳмон бўлавермаслигини ҳисобга олсак, бу табиий ҳолат.

Чемпионат Клаудио Раньери шогирдлари учун бутунлай иккинчи даражали мусобақага айланиб бўлган. Жамоа янги саргузаштларини Европадан изламоқда ва ҳозирча бу муваффақиятли кечмоқда. Амалдаги Европа лигаси ғолиби мағлуб этилган тақдирда жамоа тарихида янги саҳифа очилади.

Tribuna.Uz талқинига кўра имкониятлар: 50-50