Американинг йирик бюджет авиакомпанияси бўлмиш Southwest Airlines 12 декабрь куни АҚШдан Кубага ўзининг илк парвозини амалга оширди. Prensa Latina агентлиги берган хабарга кўра, бортида 156 нафар йўловчи бўлган Boeing 737 самолёти Тампа шаҳридан (Флорида штати) учган ва Ҳаванадаги Хосе Марти номли аэропортга бориб қўнган.

Мана шу рейс билан Southwest Airlines авиакомпанияси бошқарув раиси Гэри Келли ва компаниянинг етакчи менежерлари Куба пойтахтида бўлишди. Келлининг сўзларига кўра, Кубага бир ҳафтада олти марта парвоз уюштириш имконияти туғилганидан “жуда мамнун”. У икки давлат ўртасидаги авиапарвозлар сони ортишига умид билдирган.

Бундан олдин Американинг Delta Air Lines, JetBlue, Silver Airways ва American Airlines компаниялари ҳам Кубага доимий парвозларни амалга ошира бошлаган эди. Ана шундай компаниялардан умумий ҳисобда 10таси АҚШ транспорт вазирлигидан Кубага тижорий парвозларни уюштиришга рухсат олган.