UNICEF: Дунё Ҳалаб болаларини ҳимоя қиладиган ва уларнинг даҳшатларига чек қўядиган вақт келди!

Жаҳон 13 Декабрь 2016 5037
Фото: Getty Images

БМТнинг болалар агентлиги Ҳалабнинг шарқий қисмида кўплаб болалар катталар назоратисиз қолганини маълум қилди ва уларни зудлик билан мухолифат жангарилари тузоғидан эвакуация қилишга чақирди. Ҳозирга қадар олинган маълумотларга кўра, Шарқий Ҳалабда тахминан 15 минг нафар тинч аҳоли террорчилар тузоғида қолган. Daily Sabah шу ҳақида хабар берди. 

"Бугунги кунда Ҳалабда зўравонлик авж олаётган экан, минглаб болалар бундан унсиз жабрланмоқда ва шафқатсиз ҳужумларга йўлиқмоқда, бутун дунё шунга гувоҳ бўлмоқда. Дунё Ҳалаб болаларини ҳимоя қиладиган ва уларнинг даҳшатларига чек қўядиган вақт келди!", - деди  UNICEF митақавий раҳбари Гирт Каппелер.

Ҳалабдаги шифокор берган маълумотга кўра, Ҳалаб шарқида 100дан ортиқ бола катталар назоратисиз бино тузоғига тушиб, хавф остида қолган.

UNICEF вакилининг Anadolu агентлигига электрон почта орқали маълум қилишича, болаларнинг ҳаётини бундан-да ортиқ хавф остига қўймаслик учун уларнинг жойлашган жойи тасдиқланмаган. 

Сешанба кунги ҳисоботга кўра, Асаднинг шафқатсиз режими натижасида Шарқий Ҳалабда 100дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган. 

Агентлик барча томонларни хавфсизликни таъминлаш ва болаларни шошилинч эвакуация қилишга чақирган. Шунингдек тинч аҳоли, жумладан болалар қатл қилинганлиги ҳақидаги тасдиқланмаган хабардан хавотирда эканлигини билдирган ҳамда томонларга халқаро ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятларини эслатиб ўтган. 

БМТ маълумотларига кўра, душанба куни режим тарафдорлари Ҳалаб шарқидаги кўплаб тинч аҳолинининг уйига кириб, отиб ташлашган.

UNICEF барча қарши томонларни дарҳол келишишга ва инсонпарварлик ташкилотлари ночор оилалар ҳамда  болаларга  шошилинч ёрдам кўрсатишлари учун имкон яратишга чақирди.

Манбага кўра, сўнгги 27 кун ичида Ҳалабнинг шарқий қисмида 990 нафар тинч аҳоли ўлдирилган. 

 

Кўпроқ янгиликлар