13 декабрь куни Тошкентда иш бошлаган Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишди.

ЎзА хабар қилишича, сенаторлар 1992 йил 8 январь куни “Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони қабул қилинганлигини қайд этишди. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда прокуратура органлари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида катта ишлар амалга оширилган.

8 январни – Прокуратура органлари ходимлари куни деб белгилаш уларнинг мақомини, прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга, уларни ўз хизмат вазифаларини виждонан бажаришга рағбатлантиришга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

6 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан «Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинганди.