Америка энг йирик технологик компанияларининг 200 дан зиёд ходими АҚШнинг сайланган президенти билан боғлиқ очиқ хатга имзо чекишди. Унда Дональд Трамп бўлажак маъмуриятига кейинчалик мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин бўлган инсонларнинг дини, ирқи ва миллати ҳақидаги маълумотларни йиғиб, тақдим этмасликлари ҳақида сўз юритилган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

"Биз инсонларнинг динига асосланган маълумотлар тизимини яратишдан бош тортамиз. У конституцияда аниқ белгилаб қўйилган. Биз мамлакатдан кишиларнинг оммавий равишда чиқариб юборилишига ёрдам кўрсатмаймиз", - дейилади мактубда.

Ҳужжатга Google, Twitter ва Salesforce каби компанияларнинг раҳбарлари, дастурчилари ва дизайнерлари имзо чекишган.

Компания ташаббуси ҳақида эса Трамп 14 декабрь куни Нью-Йоркда SpaceX, Tesla Motors, Apple ва Google каби мамлакатнинг етакчи технологик компаниялари раҳбарлари билан учрашиш ниятида экани ҳақида хабарлар тарқалгач, маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Трамп сайловолди кампанияси даврида Вашингтон бошқа мамлакатдан келаётган барча мусулмонларни АҚШ ҳудудига киритмаслиги кераклигини маълум қилганди. Кейинчалик у ўз фикрини ўзгартириб, Қўшма Штатлар фақатгина террорчилик хавфи юқори бўлган давлатлардан келаётган мусулмонларнинг давлатга киришини тақиқлаб қўйиши кераклигини таъкидлаб ўтди.