АҚШда полициячи томонидан отиб ўлдирилган БААлик талаба воқеа пайтида қуролланмаган бўлган. Бу ҳолат уни Оҳайо штатида қўлга олиш пайтида юз берганди, деб хабар қилади Рейтер агентлиги штат бош прокурори вакилига таянган ҳолда.

Воқеа декабрь бошида рўй берганди. Полицияга йўллардан биридаги қонун бузилиш ҳолати ҳақида хабар келиб тушган. Маълумотларга кўра, хавфли ҳаракатларни амалга оширган автомобиль ағдарилиб кетган, ҳайдовчи эса ўрмонда беркинишга уриниб кўрган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари билан можарога кирган Кливленд университетининг 26 ёшли талабаси Саиф Нассер Муборак Аламери отиб ўлдирилди. Воқеада иштирок этган полициячилардан бири жароҳат олган ва ҳозир маъмурий таътилда. Воқеа сабаблари текширувдан ўтказилмоқда.

Штат бош прокурори вакили Жилл Дель Греко ҳодиса ҳақидаги саволга жавоб бераркан - "қурол бўлмаган", дея айтиб ўтди.

БАА ТИВ воқеани "оғриқли" деб атади ва ўз фуқаросининг ўлимига нима сабаб бўлганини аниқлашини маълум қилди.