Хитой ўзининг "ноқонуний денгиз даъволари"ни давом эттирадиган бўлса, АҚШ Жанубий-Хитой денгизида Пекинга қарши туради, деб ёзмоқда Рейтер агентлиги, АҚШнинг Тинч океанидаги флоти қўмондони адмирал Ҳарри Ҳаррисга асосланган ҳолда. 

Адмиралнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳар қандай мамлакатнинг Жанубий-Хитой денгизида ҳарбий база қурганига қарамай,  бир томонлама тартибда бошқа давлатларнинг ҳаракатини чеклашига йўл қўймайди. "Биз имкони бўлса ҳамкорлик қиламиз, аммо зарурат пайдо бўлса, қарши туришга тайёрмиз", - деган Ҳаррис. 

Бундай баёнотлар, АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар кескинлашувига олиб келиши мумкин. Янги президент Дональд Трампнинг Тайвань маъмурияти раҳбари билан телефон орқали мулоқот қилиши Хитойнинг норозилигига сабаб бўлган эди, деб хотирлайди агентлик. 

Хитойнинг Япония, Вьетнам ва Филиппин мамлакатлари билан Жанубий-Хитой ва Шарқий-Хитой денгизларидаги чегаралари борасида турли қарашлар мавжуд. 

АҚШ ХХРни Жанубий-Хитой денгизини ҳарбийлаштиришда айблаб келади. Расмий Пекин бу айбловларни асоссиз деб баҳолайди. Вашингтон ўз навбатида тортишувли ҳудудларни Хитойга тегишли деб ҳисобламайди ҳамда "халқаро ҳуқуқ рухсат берган барча ҳудудда парвоз қилиш, сузиш ва ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга"лигини таъкидлайди. Икки томон ҳам даврий равишда минтақада ҳарбий салоҳиятини намойиш этишга уринади. 

Пекин фикрича, Филиппин ва Вьетнам каби давлатлар АҚШнинг қўллаб-қувватлашидан минтақадаги кескинликни кучайтиришда фойдаланмоқда. Хитой ҳукумати Вашингтонни бир неча маротаба ҳудудий тортишувларга аралашмасликка чақирган эди.