Сурия президенти Башар Асаднинг баёнотига кўра, ИШИД террорчилик гуруҳи жангариларининг Пальмирага ҳужуми ва уни эгаллаб олиши Сурия ҳукумат қўшинларининг Ҳалабдаги ҳаракатларига жавоб бўлган. Асад RT телеканалига берган интервьюсида шундай фикрни билдирган. 

ИШИД жангарилари 10 декабрда Пальмирага юришни бошлаган ва тинч аҳоли вакиллари кўчирилган шаҳар чекка ҳудудларини эгаллаб олган эди. "Агар сиз ушбу ҳужум вақтига эътибор берсангиз, унинг Ҳалабдаги жараёнга боғлиқ эканини илғайсиз. Улар Сурия армиясининг Ҳалабдаги юришини барбод қилиб, диққатини чалғитишга уринмоқда", — деган Асад. 

Россия ҳарбийларининг сўзларига кўра, ИШИД Раққадаги кучларидан сезиларли қисмини Пальмирага сафарбар этган. АҚШ ва халқаро коалиция кучлари ўтган ҳафтада террорчиларга қарши фаол жанговар ҳаракатларни тўхтатган эди. Бундан ташқари, ИШИДнинг йирик миқдордаги зирхли техникалари Дайр аз-Зор туманидан Пальмирага ташланган. 

Башар Асад, шунингдек, Ғарб мамлакатлари жангариларнинг Ҳалабдаги қилмишларига кўз юмаётганини таъкидлаган. Унинг фикрича, Ғарб террорчиларнинг одамларни Ҳалабда қатл қилаётганига эътибор қаратмаяпти, ИШИД жангариларининг Пальмирага ҳужумига ҳам шундай муносабатда бўлмоқда. Улар, фақат Сурия армиясининг муваффақиятини танқид қилмоқда. 

"Агар Пальмирани ҳукумат кучлари эгаллаб олганида, маданий мерос бўйича турли хавотирларга сабаб бўлар эди. Агар биз Ҳалабни террорчилардан озод қилсак, Ғарб мулозимлари ва етакчи ОАВ тинч аҳоли вакиллари хусусида қайғура бошлашади. Улар, аксинча жараён бўлса, яъни террорчилар тинч аҳоли вакилларини ўлдиришса ёки Пальмирани эгаллаб олишса ҳамда фақатгина Сурияга эмас, инсониятга тегишли маданий ва тарихий меросни йўқ қилишса, қайғуришмайди", — дея баёнот берган Асад.

Сурия раҳбари, ғарб мамлакатлари Россияни Дамашққа таъсир ўтказишга ундаётгани борасида ҳам қарашларини маълум қилган. Унинг айтишича, Ғарбнинг РФга мурожаат қилиб, Сурия армиясининг ИШИД террорчилик гуруҳига нисбатан юришини тўхтатиши борасида босим ўтказишга чақириши, айнан ушбу юришни тўхтатишга уринаётганини билдиради. 

Ўтган ҳафтада, Германия, Франция, Буюк Британия, Италия, Канада ва АҚШ раҳбарлари қўшма баёнотларида Россия ва Эронни Ҳалабдаги вазият юзасидан Сурия ҳукуматига босим ўтказишга ундаган эди. 

"Сиёсатда гап нимадалигини англаш жуда муҳим. Улар нимани сўраётгани асосий масала эмас. Уларнинг Россия учун баёноти қуйидигача эди: "Илтимос, Сурия армиясининг террорчиларга қарши юришини тўхтатинг". Мана шу уларнинг баёноти мазмуни. Қолганини унутинг. Улар террорчиларни ҳимоя қилишда ҳаддан ошиб кетмоқда. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас. Улар аксинча, бас қилинг, биз террорчиларни йўқ қилишимиз керак, деб айтишлари лозим эди", — дея жавоб берган Башар Асад журналистлар саволига.