БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасида Сурия ҳукумат қўшинлари Ҳалаб шаҳрида тинч аҳолини ўлдиргани ҳақида маълумотлар борлиги маълум қилинди. Бу ҳақда бошқарманинг матбуот котиби Руперт Колвилл маълум қилди, деб хабар бермоқда хорижий ОАВ.

"Биз бу жаҳаннамда қолаётганлар учун ташвишланмоқдамиз", деб айтди Колвилл ва Сурия президенти Башар Асадни қўллаб-қувватловчи кучлар 82 нафар тинч аҳоли вакилини ўлдирганини, улардан 13 нафари аёл ва 11 нафари бола эканлигини таъкидлаб ўтди. "Биз кеча кўчаларда кўплаб жасадлар ётгани, маҳаллий аҳоли эса жадал бомбардимонлар ва отиб ташланишдан қўрқиб уларни олиб кета олмаётгани ҳақида маълумот олдик", деб қўшимча қилди Колвилл.  

Сурия қуролли кучлари вакили бу айбловлар исботсиз ва ёлғон эканлигини айтмоқда. "Сурия араб армияси бундай қилмайди, биз бирор марта бундай қилмаганмиз", деб айтди Сурия қуролли кучлари матбуот котиби, бригада генерали Самир Сулаймон.