Англиянинг «Манчестер Сити» клуби бош мураббийи Хосеп Гвардиола агар жамоа муваффақиятсиз иштирокини давом эттирса, лавозимидан озод этилиши мумкинлигини инкор этмади.

«Футбол узоқ муддатли лойиҳа эмас. Сен унда дарҳол ғалаба қозонишинг керак, агар бу нарса содир бўлмаса, сенда муаммолар пайдо бўлади.

Албатта футбол клубида ташкилотчилик масалаларини жой-жойига қўйиш кўп вақтни олади. Аммо мураббийлар дарҳол ютишни бошлаши керак, акс ҳолда уларнинг ўрнига ўринбосар қидиришга тушишади.

Ҳозирча мен ҳеч қайси клубдан ҳайдалганим йўқ. Биринчи марта бу каби узоқ муддат ғалабаларсиз учрашувларни ўтказиб муаммога дуч келмоқдаман. Келгуси йили вазият яхши бўлади. Ундан кейинги йил эса — янада яхши. Аммо «Сити»га келганимдаёқ билардимки, мен дарҳол ғалаба қозонишим керак. Клуб раҳбарияти менга ишонч билдираётганини ҳис қилмоқдаман, аммо ҳақиқат шуки, жамоага ғалабалар керак. Жамоа позицияси натижаларга бевосита боғлиқ.

Вазият яхши эмас, аммо бутун дунёда шундайки, агар компания нимадир яхши ишламаётган бўлса, муаммони ҳал қилиш йўли излаб топилади», — дея испаниялик мутахассисдан иқтибос келтиради FourFourTwo.