Бу фожиа Шаҳрисабз туманидаги Янги ҳаёт қишлоғида юз берган эди. Хунрезлик оқибатида ўшанда икки инсон ҳаётдан кўз юмди. Кунлар, ойлар ўтди. Бироқ умри хазон бўлган инсонларнинг ғам-андуҳи ҳануз унутилгани йўқ. Етим қолган фарзандлар қалбида ўкинч ва алам, кимлардир пушаймонлик, афсус ва надомат оловида ўртанади. Ўшанда уларда озгина босиқлик, мулоҳазакорлик бўлганида эди, ҳаммаси рисоладагидек бўларди. Жиноятнинг олди олинарди. Бир йигит қотилликка қўл уриб, икки инсон ҳаётдан бевақт кўз юммас эди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Носир (исм-фамилиялар ўзгартирилган) уйидаги кундалик юмушлари билан банд эди. Акаси Нарзулла қўнғироқ қилгач, ошхонага отилди: “Ярамаслар, бугун барчасига чек қўяман! Қонингни ичиб, ўчимни оламан!”, - дея ошхона токчасида турган иккита пичоқни олди-да, қаерда эканлигини сўради. Нарзулла укасига шифохонадан қайтаётганлигини айтди:

-  Сафар уйидагилар билан бостириб келди, - деди Нарзулла укасини кўргач. – Қўлларида пичоқ, болталари бор эди.

Аслида Сафар уларга бегона эмас эди. Қариндошлар ўртасидаги ўзаро адоват оқибатида бунгача ҳам бир неча марта жанжал бўлган, Носир барчасидан хабардор эди. Шу сабабли акасининг гапига ишонди. Можаронинг сабабини ҳам суриштирмай, акасининг ёнини олиб, ўч олишга шошилди. Ака-ука “босқинчилар” ортидан бориб, уларни гузардаги сартарошхона олдида учратишди.

Қариндошлар Сафар, Фазлиддин, Умрбек, Жасур, Шавкат ва Моҳир сартарошхона олдида тўпланиб туришганди. Томонларнинг ҳеч бирида муросага хоҳиш йўқлиги боис, дарҳол муштларини ишга солишди. Ҳар ким қўлига илинган нарса билан бир-бирига ҳужумга ўтди. Кўп ўтмай жангари фильмлардаги сингари аёвсиз муштлашув бошланди.

Носир қўлидаги пичоқни ўйнатиб, рақибларига ҳамла қила бошлади. Дастлаб Сафар тиғга рўбарў келди. Носир унинг дуч келган жойига пичоқ санчиб, кейин Фазлиддин ва Умрбекни нишонга олди. Қулай вазият топиб, Фазлиддиннинг қорнига пичоқ урди.

Укаси каби қаҳру ғазабга тўлган Назрулла эса қўлидаги темир бўлаги билан қонига беланиб ётган Сафарнинг оёғига урди. Шу пайт кимдир унинг қўлига ёпишди:

-  Боламни урма, ўлдириб қўясан! – Назрулла ўгирилиб, Сафарнинг онасини кўрди. Аёл ҳар қанча уринмасин, қутуриб кетган ака-укаларга бас кела олмади. Ўғлини базўр тўдадан айириб, четга олиб чиқди. Бу вақтда турмуш ўртоғи Шербобо Боқиев ҳам етиб келди.

Носир бошига берилган зарбадан бироз ҳушини йўқотгандек бўлди. Бироқ тезда ўзини қўлга олиб, жанжални тўхтатишга уринаётган Шербобо Боқиевнинг кўксига пичоқ санчди. Бу билан барчасига нуқта қўйгандек бўлди.

...Жабрланганлар шифохонага ётқизилди. Олиб борилган тезкор муолажаларга қарамай Шербобо ва Фазлиддин Боқиевлар ҳаётдан кўз юмишди.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди томонидан Носир Шараповга узил-кесил ўташ учун 22 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Нарзулла Шарапов ҳам суд ҳукмига кўра тегишли жазосини олди.