Қозоғистон бош прокуратураси собиқ банкир Мухтор Аблязовга нисбатан қўзғатилган жиноий иш давом эттирилиши керак, деган фикрда. Бу ҳақда маҳкама сайтида чоп этилган матбуот релизида айтилади.

"Жиноий иш бўйича тергов тугагани йўқ – Аблязов ва унинг ҳамтовоқлари ғойиб бўлишган. Жиноят-процессуал қонунчилик талаблари асосида айбланувчи шахсни жиноий таъқиб қилиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан уни судга топширилгунга қадар давом этиши лозим", - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, маҳкама "айбланувчиларни қўлга олиш учун қонунчилик билан назарда тутилган барча чораларни қўллайди".

Маълумот учун, Мухтор Аблязов 1998-1999 йилларда Қозоғистон энергетика, саноат ва савдо вазири бўлган. У 2005-2009 йилларда БТА-банк директорлар кенгашига раҳбарлик қилди. 2009 йилда эса унга нисбатан Қозоғистон ва Россияда йирик миқдордаги маблағни ўзлаштириш бўйича айблов қўйилган ва ҳибсга олишга ордер берилган. РФда Аблязов деярли 5 миллиард долларлик молиявий найрангларни амалга оширганликда айбланганди.

Аблязов 2013 йилнинг июлида халқаро ордер талаби билан қўлга олиниб, ўшандан бери Франциядаги ҳибсхонада сақланмоқда. 2015 йилнинг сентябрида эса Франция бош вазири Манюэль Вальс айбланувчини Россияга экстрадиция қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шундан сўнг банкир ҳимоячилари Франция Давлат кенгашига шикоят аризаси билан чиқишган ва у Аблязовни экстрадиция қилишни бекор қилган.