Маълумки, АҚШнинг бўлажак президенти Дональд Трамп Россия билан муносабатларни тиклаш борасида кўплаб фикрларни билдирган бўлса-да, айни вақтда Москва ва Вашингтон ўзаро қарама-қаршилик томон йўналмоқда, деб ёзмоқда The National Interest. Шунга кўра, нашр янги давлат раҳбарига Россия билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда имкон берадиган бир неча маслаҳатини чоп этган. 

Биринчи навбатда, стратегик таҳлил ва режалаштиришни ажойиб олиб борадиган маслаҳатчиларни танлаш зарур, деб ҳисоблайди мақола муаллифи. Унинг сўзларига кўра, бундай мутахассисларни топишнинг ўзи осон бўлмайди. Бунда, тарафкаш маслаҳатчиларга йўлиқиб қолмаслик муҳим масаладир. Трамп Россия-Америка муносабатлари нима учун бу қадар ёмонлашганига ойдинлик киритувчи жиддий ва одил таҳлил ўтказиши керак, деб ёзади NI.

"Буларнинг барчасига "руслар айбдор" — ёки аксинча, ҳаммаси АҚШни деб бўлди, каби таъкидларни кўр-кўрона қабул қилмаслик керак", — дейилади мақолада. 

Қўшма Штатларнинг янги раҳбари Россиянинг узоқ муддатли манфаатларини, кучли ва заиф томонларини, шунингдек, икки давлат келишувга эришиши мумкин бўлган масалаларни баҳолашга уриниб кўриши ҳам зарур. 

NI нашрининг ёзишича, Трамп Жорж Бушнинг ягона, эркин ва тинч Европа концепциясига риоя қилишни қайта бошлаши мумкин эди. 

"Бу сиёсат ва хавфсизлик учун энг яхши сценарийдир. Россия ҳам унда тўлиқ ва обрўли ўрин тутиши керак", — дея фикр юритган муаллиф. 

У сайланган президентни Яқин шарқдаги иттифоқчилар Вашингтонни ўз манфаатларининг қулига айлантиришига йўл қўймасликдан огоҳлантиради. Чунки, бу ҳолат Кремль наздида АҚШни заифлаштиради. 

"Россия билан Европа, Яқин шарқ, Марказий Осиё ва Хитой бўйича муносабатларни бир тизимга бирлаштириш лозим", — дейилади мақолада. 

Бундан ташқари, Трампга қуроллар назорати, Россия-НАТО кенгаши ва Арктикадаги ҳамкорликни унутмаслик тавсия қилинган.