АҚШнинг амалдаги маъмурияти янги сайланган президент Дональд Трампнинг ExxonMobil раҳбари Рекс Тиллерсонни давлат котиблигига тавсия қилиш юзасидан қарорини изоҳлади. 

Трамп Тиллерсонни АҚШ давлат котиблигига тайинлаши ҳақида 13 декабрда расман эълон қилган эди. Албатта, бунда Тиллерсон номзоди АҚШ Конгресси Сенати томонидан тасдиқланиши керак. Унда республикачилар партияси бироз устунликка эга. 

"Сайланган президент ўзининг сайловолди кампаниясини Россия билан муносабатларни илиқлаштиришини таъкидлаш билан ўтказди. Шунинг учун ҳам — РФ президенти Владимир Путин “Дўстлик” ордени билан мукофотлаган кишини давлат котиблигига танлаш энг яхши усулдир. Бунинг кутилмаган ва ҳайрон қоладиган жойи йўқ", — деган Оқ уй матбуот котиби Жош Эрнест матбуот брифингида. 

Унинг таъкидлашича, айрим конгрессменлар Тиллерсоннинг Россия билан бундай алоқаларига жиддий қизиқишлари аниқ. 

Шу билан бирга, Эрнестнинг тан олишича, Тиллерсон "кескин саволларга жавоб бериш борасида қобилиятга эга". 

Тиллерсон Россия раҳбари Владимир Путин билан бир неча маротаба учрашган.