«Реал» жамоаси президенти Флорентино Перес Японияда жамоа футболчилари билан учрашди.

AS хабарига кўра, «Қироллик клуби» раҳбари футболчилар билан суҳбатлашган ва уларнинг клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги ғалабаси аҳамияти ҳақида сўзлаган.

Бундан ташқари, Перес футболчилардан ўйин тақдирини ҳал қилишни охирги дақиқаларгача қолдирмасликни сўраган. У бу орқали Испания чемпионатининг 15-турида «Депортиво»га қарши кечган ўйинга (3:2) ишора қилган.

Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида «Реал» 15 декабрь куни Мексиканинг «Америка» клубига қарши ярим финал баҳсида майдонга тушади.

Бугун турнирнинг яна бир ярим финалида Колумбиянинг «Атлетико Насьональ» ва Япониянинг «Кашима Антлерс» жамоалари беллашди ва бу ўйинда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган японлар финалга чиқди.