Саакашвили Порошенкони марҳум туркманбошига қиёслади

Жаҳон 14 Декабрь 2016 16061
Фото: ТАСС

Украинанинг Одесса вилояти собиқ губернатори Михаил Саакашвили Украина президенти Пётр Порошенкони туркманбоши деган унвон олган, Туркманистоннинг марҳум етакчиси Сафармурот Ниёзовга қиёслади. Саакашвили шу тариқа Украина ОАВдаги цензурага изоҳ берди. Бу ҳақда "Вести" нашри хабар бермоқда

Саакашвили охирги вақтда уни эфирга таклиф қилишмаётганидан нолиган. "Бундай вазият муқобил реалликни яратган, туркманбоши бўлган Туркманистонда юз беради. "Агар сен телевизорда чиқмасанг – демак, сен йўқсан". Бироқ кечирасиз, бизда Порошенкоми ёки туркманбошими? Бизда майдандан кейинги Украинами ёки Туркманистонми?", деб аччиқланиб гапирган сиёсатчи.

Унинг айтишича, Украина телеканаллари "бир кун ичида унга қизиқмай қўйишган".

7 ноябрда Саакашвили губернатор лавозимидан кетишини эълон қилган. Украина президенти нафақат унинг истеъфосини қабул қилган, балки маслаҳатчиси лавозимидан бўшатиб юборган. Саакашвили истеъфога кетгач, сиёсий фаолиятини давом эттиришини ва "Янги кучлар ҳаракати" партиясини яратишини эълон қилган.

Сафармурот Ниёзов вафотигача, 1991 йилдан 2006 йилгача Туркманистон президенти бўлган, унинг бошқаруви танқидчилар томонидан фуқаролик эркинликлари ва сўз эркинлиги чекланган диктатура деб баҳоланган.

 

Кўпроқ янгиликлар