SpaceX компанияси раҳбари Элон Маскнинг Dragon капсуласи ёрдамида фазогирларни коинотга юбориш режаси яқин орада амалга ошмайдиган кўринади. Бунга эса учиш майдончасида бу йил сентябрда юз бергандек фалокат юз бериши мумкинлиги сабаб бўлмоқда. Сентябрда Falcon 9 ракетаси ёнилғи билан тўлдирилаётган пайтда портлаб кетган ва ўзи билан бирга Исроилнинг AMOS-9 сунъий йўлдошини "олиб кетган".

Компания муҳандисларига ракетага ёнилғи қуйиш тизимини энг майда деталларгача ишлаб чиқиш ва келгусида фавқулодда вазиятлар юз бермаслигини истесно қилиш учун қўшимча вақт талаб этилади. Компания вакилларининг айтишича, айни вақтда улар ҳозир қурилманинг дизайни, ишчи тизимлари, парвоз вақтида ракета ичида юз берадиган жараёнлар устида ишлашга эътибор қаратишган. Шунга қарамай, SpaceX 2017 йилда ичида фазогирлар бўладиган NASA капсулаларидан бирининг синов парвозини амалга ошириши мумкин. Бу эса кейинги ноябрда юз бериши керак. Тахминан шу вақтда фазогирлар скафандрлари ва парашют тизимлари синовдан ўтказилади.

SpaceX’нинг бош рақобатчиси Boeing ҳам кейинги авлоддаги коинот ракетасини яратиш устида ишламоқда. Boeing’нинг CS-100 Starliner қурилмаси ҳам 2018 йилда синовдан ўтказилади. Компания ўз кемасини 2018 йил июлида Ер орбитасига учириб, август ойида эса уни фазогирлар билан бирга коинотга учирмоқчи.