Ўтган ҳафта охирида Ўзбекистон терма жамоаси ва Россиянинг «Краснодар» клуби яримҳимоячиси Одил Аҳмедов Хитой чемпионатига ўтиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. 13 декабрь куни краснодарликлар матбуот хизмати футболчининг Хитойда тиббий кўрикдан ўтиш учун жўнаб кетганини тасдиқлади. Бу Аҳмедовнинг Хитой чемпионатига ўтиши деярли аниқ бўлганини англатади.

Ўз вақтида Лондоннинг «Арсенал» клуби Аҳмедовга қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар чиққанди. Кўпчилик мухлислар кучли бешликда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳам пайдо бўлишини кута бошлашди. Бироқ инглизларнинг қизиқиши фақат шу билан чекланиб қолгани маълум бўлди. Сўнгги йилларда кучлироқ чемпионатга муносиб деб қараладиган ўзбекистонлик кам сонли футболчилардан бири Одил Аҳмедов ҳам бошқа футболчиларимиздан ортиқ натижани қайд эта олмади. Энди футболчимиз фаолиятининг қолган қисмини Хитойда давом эттириши аниқ бўлиб турибди. «Шандун Луненг» футболчи учун «Краснодар»га 7-8 миллион евро таклиф қилмоқда. Кўп эҳтимолки, Аҳмедовга  катта маош ваъда қилишган. Демак, мухлислар кутган Европанинг кучли чемпионатларида тўп сурувчи ўзбекистонлик футболчи ким бўлиши масаласи яна ортга суриладиган бўлди.

Tribuna.Uz ўз вақтида Европанинг кучли бешлик чемпионатларида пайдо бўлиши мумкин бўлган, лекин бу иш амалга ошмай қолган футболчиларни ёдга олиб ўтади.

Максим Шацких

Украина чемпионатининг энг яхши тўпурарларидан бири, «Динамо» Киев сафида Шевченко-Ребров тандемидан уларга муносиб ўринбосар бўла олган Максим Шацких кучли бешлик жамоалари сафида тўп суришга энг яқин келган футболчи саналади. Чемпионлар лигасида мунтазам қатнашадиган киевликлар жамоаси таркибида футболчи жуда муҳим голларни киритарди. «Ньюкасл», «Реал» каби жамоалар дарвозасини ишғол қилган ҳужумчига жуда кўп жамоалар оғиз солишади. Биргина Англиянинг ўзидан «Ньюкасл», «Вест Ҳэм» ва «Вест Бромвич» клублари Макс билан қизиқиб кўришади. Айниқса, бу борада «Ньюкасл»нинг қизиқишлари энг жиддийи бўлган.

Инглиз клуби таклифини футболчи шундай хотирлаганди: «Ньюкасл»нинг қизиқиши жиддий бўлган. Музокаралар клуб раҳбарлари даражасигача чиққанди. Менга маълум бўлгани шуки, «Динамо» мени қўйиб юборишни истамаган. Шу билан бу трансфер амалга ошмай қолганди». 

Шундан сўнг Шацкихга Туркиянинг «Галатасарой» жамоасидан ҳам таклиф бўлди. Россиянинг «Крылья Советов»и эса унга ўша вақтда жамоа учун рекорд бўлган 5,5 млн евро таклиф қилганди. Бироқ бу трансфер ҳам амалга ошмаган.

Максим 9 йил давомида «Динамо» Киев шарафини ҳимоя қилди. Бу давр ичида у киевликларнинг ҳақиқий ёқимтойига айланди. У «Динамо»ни тарк этаётганида мухлислар Шацких шарафига «Истребитель МАХ 16. 328 боевых вылетов, 142 сбитых» ёзуви туширилган баннерни кўтариб чиқишди. Макс киевликлар сафида 328та учрашув ўтказиб 142та голга муаллифлик қилди.

2009-2010 йилларда Макс Қозоғистоннинг «Локомотив» Астана жамоаси сафида тўп сурди. 15 учрашувда 8та голга муаллифлик қилган футболчи 2010 йилдан 2014 йилга қадар Киевнинг «Арсенал» жамоаси сафида тўп сурди. Орада ярим йил «Черноморец»да ижарада бўлиб қайтди. «Арсенал» таркибида Шацких 96 учрашувда 22та гол киритди. Фаолиятидаги сўнгги профессионал жамоа эса «Говерла» бўлди. Ўтган йилнинг «Рух» ҳаваскорлар жамоасида ўтказган футболчи 2016 йилга келиб «бутсаларини михга илгани»ни билдирди.

Виталий Денисов

ЦСКА таркибида бирорта учрашувда майдонга тушмаган бўлсада, Денисов УЕФА кубогида ғолиб чиққан ягона (ҳозирги Европа лигаси) ўзбекистонлик футболчи бўлиб турибди. Ўз вақтида Европанинг бир қатор жамоалари қизиқишига сабаб бўлган футболчининг энг ёрқин хотиралари «Арсенал»даги кўриги билан боғлиқ. 

Футболчи ҳали ёш пайтларида  «Арсенал» скаутларига ўйин маъқул келиб қолади ва уни Лондонга таклиф этишади. «Арсенал»да футболчи жамоанинг асосий таркиби билан машғулотларда қатнашади. «Арсенал»га борганимизда барча юлдузлар билан бирга шуғулланганмиз. Тьерри Анри, Денис Бергкамп, Фредди Юнгберг... Кўрик давомида бизни тестдан ўтказишаётганда Юнгберг залга кириб, назоратчиларга қарата «улар футболчилар, тажриба қуёнчалари эмас» деганди. Барчаси яхши кетаётганди. Бироқ Англиядаги ишчи визаси ва шунга ўхшаш майда сабаблар туфайли амалга ошиши деярли аниқ бўлиб қолган трансфер бекор бўлганди», дея хотирлайди футболчининг ўзи.

Кейинчалик Денисов Нижний Новгороднинг «Спартак» жамоасида тўп сурди. Ҳали-ҳануз ойликдан 24 минг доллар қарзи қолган клубдан кейин уни Украинага «Днепр»га сотиб юборишди. Украинада ўта муваффақиятли 6 йиллик фаолиятидан сўнг яна Москвага қайтди. Бу сафар футболчи «Локомотив» сафида тўп сурди.

Айнан мана шу клубда унга яна Европадан таклифлар чиқди. Улардан бири Римнинг «Лацио» клубидан шу йилнинг ёзида бўлган таклиф эди. Бироқ «темирйўлчилар» Денисовни қўйиб юборишни истамади. Футболчининг ўзи ҳам «Лацио»дан кўра, Манчестернинг икки жамоаси ёки «Арсенал» каби жиддийроқ мақсадларни кўзлаган жамоалардан таклиф бўлсагина жамоасини ўзгартириши мумкинлигини айтди. Натижада, яна бир ўзбекистонлик футболчининг кучли бешликка сафари ярим йўлда тўхтаб қолди.

Александр Гейнрих

17 ёшидаёқ «Пахтакор» асосий таркибидан ўрин олган Саша тез орада европалик скаутларни ҳам эътиборини тортди. Ўша вақтларда Германия бундеслигасида еврокубокларга бериладиган йўлланмалар учун кураш олиб борадиган «Бохум» Гейнрих билан жиддий қизиқиб қолади ва уни кўрикдан ўтишга таклиф этади. «Германияда уч кун давомида асосий таркиб билан шуғулландим. Кўринишидан ҳаммаси жойида кетаётгандек эди. Лекин кейинроқ «Пахтакор» раҳбарияти мени чақириб олди. Шу билан бу воқеа хотима топди. Албатта бундан афсусландим», деганди Гейнрих интервьюларининг бирида.

Кейинчалик Саша ўша пайтда олдига юксак мақсадларни қўя бошлаган, Газзаев бошчилигидаги ЦСКА жамоаси томонидан сотиб олинди. Ивица Олич, Вагнер Лав, Даниэл Карвалью каби футболчилар билан рақобатда унга асосий таркибдан ўрин олиш насиб этмади. Москваликлар таркибида 2та ўйинда 1та гол урган футболчи «Пахтакор»га қайтди. Кейинроқ Москванинг бошқа бир жамоаси «Торпедо» сафида пайдо бўлди. Лекин Гейнрих ўзидан кутилган ўйинларини кўрсата олмади. «Пахтакор»да ўтказилган яна 4 йиллик фаолиятидан кейин унинг Осиёдаги юриши бошланди. Аввалига «Сувон Блюингиз», кейинчалик БААнинг «Эмирейтс» клубларида ярим мавсумдан тўп сурган футболчи 2012 йилда Қозоғистоннинг «Ақтўбе» жамоаси сафида пайдо бўлди. «Локомотив» Тошкентдаги фаолиятидан сўнг ўтган йилдан бошлаб футболчи ҳозирда Қозоғистоннинг бошқа бир жамоаси «Ўрдабаси»да фаолиятини давом эттирмоқда.

Марат Бикмаев

Яна бир ёшлигидаёқ омма ичида ном чиқарган футболчи Марат Бикмаев ҳам ўз вақтида кучли бешликда пайдо бўлиши мумкин эди. Ўша пайтларда турли ёшдаги терма жамоалар сафидаги ўйини билан Европа жамоалари эътиборига тушган Марат Бикмаев «Интер» клубидан таклиф олганди. «Интер»да Кристиан Вьери Иван Кордоба каби ўша даврларнинг энг зўр футболчилари билан бирга шуғуллангандим. Улар жамоанинг ҳақиқий лидерлари эди. Бир неча кунлик кўрикдан кейин «Интер» мураббийи менга Италия фуқаролигини олишим кераклигини, шундагина миланликлар сафида ўйнай олишим мумкинлигини айтди. Бунга рози бўлмадим. Кейин эса улар менга эҳтиёжлари йўқлигини айтишди ва ортга қайтдим», ёдга олганди Бикмаев.

Шундан сўнг, Бикмаев «Крыля Советов» cафига бориб қўшилди. Самараликлар сафида 5та ўйинда майдонга тушган Марат бир мавсум давомида «Рубин» захирасида ўтирди. «Спартак Налчик» сафига ўтгачгина Бикмаев асосий таркибда мунтазам майдонга туша бошлади. Россиядаги унинг энг муваффақиятли даври эса Владикавказда ўтди. «Алания» таркибида икки йил ўйнаган футболчи 56 учрашувда 13та гол уришга муваффақ бўлди. «Ақтўбе»да ўтказган омадсиз мавсумдан сўнг футболчи Ўзбекистонга қайтди. У 2014 йилдан буён «Локомотив» таркибида тўп суриб келмоқда.

Кучли бешлик жамоаларида кўрикдан ўтиб келган бошқа номлар ҳам бор. Аббос Махсталиев, Достонбек Ҳамдамов, Элдор Шомуродов каби бир қатор номларни санаш мумкин. Бироқ улар ҳам фақатгина кўрик билан чекланиб қолишди. 

Кучли бешликда иштирок этувчи жамоанинг аъзоси сифатида эса биргина Илёс Зейтуллаев номи қолди. «Ювентус»да асосий таркибга кира олмаган, Илёс кейинроқ «Режжина» клубига ўтган ва жамоа сафида кубок ўйинларида майдонга тушганди. Унинг биз қайд этиб ўтишимиз мумкин бўлган ягона натижаси шу бўлди. Бошқа бирорта футболчи ҳозирча мана шу натижани ҳам такрорлай олгани йўқ.