Ўзбекистоннинг ЖЧ-2018 саралашида Эронга қарши ўйини санаси ўзгарди

Спорт 14 Декабрь 2016 9842
Фото: ЎФФ матбуот хизмати

Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичида иштирок этаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тақвимида ўзгариш юз берди.

ЎФФ матбуот хизмати маълумотига кўра, Эрон ҳамда Ўзбекистон футбол федерацияларининг ўзаро келишуви асосида саралашнинг учинчи босқичи 8-тури доирасидаги Эрон–Ўзбекистон учрашуви 2017 йилнинг 12 июнь санасига кўчирилган.

Тақвимнинг дастлаб тасдиқланган кўринишига асосан ушбу ўйин 2017 йилнинг 13 июнида ўтказилиши белгиланганди.  

Ҳозирга қадар саралашнинг учинчи босқичи доирасида жамоалар бештадан ўйин ўтказишган бўлиб, Эрон А гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. Карлуш Кейруш бошчилигидаги жамоа ҳисобида 5 ўйиндан сўнг 11 очко мавжуд. Иккинчи ўринни эгаллаб турган Жанубий Корея ҳисобида 10, учинчи ўриндаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳисобида эса 9 очко бор.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг саралаш босқичидаги кейинги учрашуви 23 март куни сафарда Сурияга қарши бўлади. Унга қадар эса Ўзбекистон Арманистон ҳамда Грузия терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиш борасида келишувга эришган.

Грузия терма жамоасига қарши назорат ўйини 23 январь куни бўлиб ўтса, Арманистонга қарши 12 февраль куни ўтказилишига келишилган.

Кўпроқ янгиликлар