Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий тузилмалари, шунингдек, туман ва шаҳар жамиятларига истеъмолчилардан 7 минг 640 дан зиёд ариза ва шикоят келиб тушган. Уларнинг 92,6 фоизи ижобий ҳал этилиб, 2 миллиард 862 миллион сўмдан зиёд зарар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Қайд этилганидек, ариза ва шикоятларнинг асосий қисми табиий газ (29,5 фоиз) ва электр энергияси (14,9 фоиз) таъминоти, савдо-сотиқ (22,4 фоиз) соҳаларига тааллуқлидир. Шунингдек, ичимлик суви таъминоти, коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт, соғлиқни сақлаш сингари масалалар бўйича ҳам мурожаатлар кўпчиликни ташкил этган.

Беш мингга яқин мурожаат ёзма тартибда билдирилган бўлса, 2 минг 500 дан ортиғи оғзаки, "Ишонч телефони" ва электрон шаклда келиб тушган.
Федерациянинг виртуал қабулхонаси иш бошлагани, шунингдек, www.istemol.uz сайти ҳамда "1091" ягона "Ишонч телефони" орқали ариза, таклиф ва шикоятлар қабул қилинаётгани истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда.