АҚШнинг янги президенти этиб сайланган Дональд Трамп томонидан АҚШ давлат котиби лавозимига номзоди таклиф қилинган, АҚШнинг Exxon Mobil нефть-газ компанияси директорлар кенгаши раиси Рекс Тиллерсон йил охирида истеъфога кетмоқда, деб маълум қилди Exxon компанияси. 

Унинг компаниядаги ўрнини 2017 йил 1 январдан компания президенти Даррен Вудс эгаллайди.

Трамп Тиллерсонни АҚШ давлат котиби лавозимига таклиф қилганди. Тиллерсон номзоди конгресс сенати томонидан тасдиқланиши керак.

Тиллерсон компаниядаги фаолиятини 1975 йилда муҳандис-технолог сифатида бошлаган. У корпорацияда 41 йил ишлаган ва 2017 йил март ойида 65 ёшга тўлганда, шундоқ ҳам истеъфога кетиши керак эди. Айнан шу ёшда компаниянинг барча ишчилари пенсияга кетишлари шарт қилиб қўйилган. Бироқ Тиллерсон АҚШ давлат котиби лавозимига тасдиқлаш жараёнига қўйиладиган бир қатор талаблар сабабли муддатдан вақтлироқ истеъфога кетишга қарор қилди.

Маълум қилинишича, компания директорлар кенгаши Тиллерсонни янги лавозимга номзоди қўйилиши билан табриклаган.