Гётеборг университети археологлари Грециянинг тарихий туманида жойлашган Фессалиянинг ғарбий қисмида қадимий шаҳар харобаларини топишди. Аввалроқ, бу ҳудудда антик даврда йирик аҳоли яшаш манзилгоҳлари бўлмаган, деб ҳисобланган. Олимлар тадқиқоти ҳақида EurekAlert! хабар бермоқда.

Эрамиздан аввалги 500 йилга тегишли бўлган шаҳар Влохос қишлоғи яқинида жойлашган. Унинг Strongilovoúni тепалиги ёнида жойлашган харобалари узоқ вақт олимлар эътиборидан четда қолиб келди. Бироқ археологлар 2016 йилнинг сентябрида радиолокация - тепалик тагида нималар борлигини билишда ёрдам берадиган қурилмани қўллаган ҳолда харобаларни тадқиқ қилишди. 

Олимлар тупроқ тагида кўчалар, майдон ва деворларни аниқлашган. Бу эса у ерда йирик шаҳар бўлганидан далолат беради. Харобалар тахминан 40 гектар майдонни қамраб олган. Шунингдек, лойдан тайёрланган идишлар ва тангалар ҳам топилди. Энг қадимий топилмаларнинг ёши 2,5 минг йилга тенг бўлиши мумкин. Бироқ, тадқиқотчиларнинг фикрича, шаҳар эрамиздан аввалги III-IV минг йилликларда ривожланишнинг энг юқори чўққисига чиққан. Шундан сўнг одамлар у ерни тарк этишган.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, уларнинг топилмалари антик даврдаги юнон шаҳарлари ҳақида кўпроқ билиш имконини беради. Келажакда бошқа қадимий харобалар ҳам топилиш эҳтимоли юқори экан.