Йирик корпорациянинг бош директори фаолиятига ҳар томонлама,  объектив баҳо бериш учун кўплаб жиҳатларга эътибор қаратиш керак. Шунга қарамай, раҳбар ишининг самараси борасида якуний хулоса чиқаришда кўпинча корхонанинг молиявий ҳолати инобатга олинади. Bloomberg ахборот агентлиги дунёнинг энг самарали фаолият олиб борувчи бош директорлари рейтингини тақдим этди. 

Энг яхши раҳбарлар рўйхати бешлигидаги тўрт ўрин (2-5) IT-саноати вакиллари томонидан эгалланган. 

1-ўрин Fossil Group мода бренди раҳбари Коста Картсотисга насиб этди. Сўнгги ҳисоботларга кўра, бу раҳбар маош олмай фаолият кўрсатмоқда. 

Компаниясининг сўнгги уч йилдаги ўртача иқтисодий даромади 129 миллион долларни ташкил қилган бўлса-да, умуман маош олмаган Ubiquiti Networks раҳбари Роберт Пера 2-ўринга муносиб кўрилди. Шуни таъкидлаш жоизки, жаноб Пера – миллиардер ва у Ubiquiti Networks’нинг 70 фоизига эгалик қилади. 

Нуфузли 3-ўрин Alphabet холдинги бош директори Ларри Пейжга берилди. У мазкур рейтингнинг сўзсиз етакчиси бўлиши мумкин эди, бироқ унга 1 доллар миқдоридаги рамзий иш ҳақи тўсқинлик қилди. Агар шундан ҳам воз кечганида эди, рейтингнинг энг юқори чўққисини забт этган бўларди. Зеро Alphabet’нинг ўртача иқтисодий даромади 3 миллиард доллардан ошади. 

Кейинги ўринларда Ҳонгконгнинг China Mobile компанияси раҳбари Ли Юэ (4-ўрин), Ҳиндистоннинг Oracle Financial Sevices Software директори Чайтания Камат (5-ўрин) қайд этилган. 

Американинг Berkshire Hathaway бош директори Уоррен Баффет 6-ўринни эгаллади. Ҳиндистоннинг Rajesh Exports компанияси раҳбари Прашант Жасвантрай Меҳта 7-ўрин, АҚШнинг Copart компанияси директори Жай Адайр 8-ўринга муносиб кўрилди. 

9-ўринда Таиланд компанияси бўлмиш Siam Makro компанияси раҳбари Сучада Изижарикул қайд этилган бўлса, 10-ўринни ҳам шу мамлакатнинг BEC World компанияси директори Прасан Малинонт эгаллади.