Microsoft Translator дастурий таъминоти эндиликда реал вақт режимида ишлайди. Унинг мобил версиясида фойдаланувчининг сўзларини автоматик тарзда бир ёки бир неча суҳбатдош тилига таржима қилиш имконини берувчи мулоқот функцияси пайдо бўлди. Мулоқотга киришиш учун смартфонда махсус кодни киритиш ёки QR-кодни сканерлаш керак бўлади. Бундан ташқари, сервиснинг интернет-саҳифаси орқали хорижликлар билан мулоқот қилиш мумкин. 

Android, iOS ва Windows 10'да Microsoft Translator янгиланган таржимон дастурини юклаб олиш имкони мавжуд. Янги функция саёҳатларда ва хорижликлар билан мулоқот қилганда яқиндан ёрдам беради. Ўз навбатида, гидлар сайёҳлар қайси тилда сўзлашидан қатъи назар, уларга керакли маълумотни етказишга муваффақ бўлишади. 

Фойдаланувчи Microsoft Translator'ни ўрнатиши биланоқ ўз она тилини белгилаши керак бўлади. Матнли режимда тахминан 60 тилни қўллаб-қувватлайди, оғзакида эса - 7. Келгусида сервис 100 нафаргача бўлган гуруҳлар билан ишлашни кўзламоқда. 

Таъкидлаш жоизки, Google Translator иловасида синхрон таржима хизмати мавжуд, фақат фойдаланувчининг қурилмасида — жамоавий мулоқотга бошқа гаджетдан қўшилишнинг иложи йўқ.