Ўзининг бетарафлигини таъкидлаб келадиган Молдова республикасининг мудофаа вазири Анатолий Шалару мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиши ва Руминия билан бирлашувини фаол тарғиб қилиши билан донг таратган эди. Яқин орада, у истеъфога чиқарилади. Бу ҳақда, мамлакатнинг сайланган президенти Игорь Додон журналистларга маълум қилди.

"Янги йилгача Шалару вазир бўлмайди. Мен шундай бўлиши учун барча имкониятни ишга соламан", - деган янги президент. Додоннинг сўзларига кўра, мудофаа вазирлигига "армия ичида ўсган ва унинг нима эканини яхши англайдиган, бетарафлиги қайд этилган Молдова конституциясини ҳурмат қиладиган профессионал давлат арбоби раҳбарлик қилади".

Қонунга биноан, президент ҳукумат аъзосини бевосита истеъфога чиқара олмайди. Бироқ, у Қуролли кучларнинг Олий бош қўмондони сифатида мудофаа вазирига нисбатан шундай жараённи уюштириши мумкин.