Шавкат Мирзиёев: Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади

Ўзбекистон 15 Декабрь 2016 19107

Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис қўшма мажлисида сўзлаган нутқида аҳолининг манфаатлари биринчи ўринга қўйилишига урғу қаратди.

Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, унинг қонуний талаблари, сўров ва таклифларини амалга ошириш учун аниқ чоралар кўришни мен ўзим учун энг муҳим ва устувор вазифа, деб ҳисоблайман. 

Энди нафақат ҳукумат, балки мутасадди вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, шунингдек, ҳокимларнинг ҳам бу борадаги фаолияти якунлари бўйича ҳисобот бериш тизими жорий этилади ва шунга қараб уларнинг ишига баҳо берилади. Шу сабабдан ҳар бир раҳбар ва мансабдор шахсдан айни шу асосда тизимли ва самарали иш олиб боришни талаб этаман. 

Сизларга яхши маълумки, биз 2017 йилни юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилдик. Лекин, ҳаммамиз тушунамизки, халқ билан мулоқот, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш – бу биз учун фақат бир йиллик иш эмас. 

Бу масала келгуси беш йиллик фаолиятимизда ҳам энг устувор вазифа бўлиб қолади ва бу ҳақиқатни ҳаммамиз чуқур тушуниб, яхши англаб олишимиз шарт. Чунки, биз юртимизда янги давлат, янги жамият қуриш йўлида қандай иш қилсак, уларнинг барчасини халқимиз билан бамаслаҳат қиламиз. 

Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган – шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам – шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ. 

Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак – одамларимиз билан. 

Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак – аввало халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. 

Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. 

Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади.

Кўпроқ янгиликлар