2017 йил февраль ойида RM Sothebyʼs кимошди савдо уйи тарихдаги биринчи Porsche 911 кабриолетини сотувга қўяди. Бу 911 оригинал моделининг 13та прототипидан бири бўлиб, томи очиладиган ягона намунасидир.

Биринчи авлод 911 прототиплари 1901 йилдан турли автомобиль қисмларини ишлаб чиқиш билан шуғулланиб келувчи Karmann компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Сериядаги ягона кабриолет «13360» рақамли шассига эга бўлган ва келгусида 1967 йили тақдим этилган 911 Targa моделига асос бўлган. 911 Cabriolet, ўз навбатида 1982 йилдан бошлаб серияли тарзда ишлаб чиқарила бошланган. 

3 нафар коллекционерлар қўлида бўлган автомобиль кўплаб оригинал қисмларини сақлаб қолган ва кенг қамровли реставрациядан ўтмаган. Янгиланган жиҳатлари сифатида ғилдирак дисклари ва ўриндиқларнинг чарм билан қопланганини қайд этиш мумкин. Ташқи кўринишининг 80 фоизи оригиналлигини сақлаб қолган. 

Унинг 2.0 литр ҳажмли, олти цилиндрли 130 от кучига эга мотори ҳам ишлайди.  Автомобиль учун савдолар 8 февраль куни Парижда бўлиб ўтади. Унинг тахмин қилинаётган нархи 850 мингдан 1 млн еврогачадир.