Uber Сан-Францискодаги мижозларига муқобил машиналарда хизмат кўрсатишни бошлади

Технология 15 Декабрь 2016 2519
Фото: Vjeran Pavic

Uber такси хизмати Volvo муқобил автомобилларининг Калифорния штати Сан-Франциско шаҳридаги синовига старт берди, деб хабар қилмоқда The Verge.

14 декабрдан тизим тасодифий танлов воситасида UberX фойдаланувчиларини танлайди ва уларга Volvo XC90 ҳайдовчисиз автомобилини тавсия қилади. Хавфсизлик талабидан келиб чиққан ҳолда, машинада Uber компаниясининг икки ходими бўлади. Улар олд ўриндиқларга жойлашади. 

Хабарларга кўра, 13 декабрь кунги синовлар чоғида бир нечта кутилмаган ҳолатлар рўй берган: масалан, ресторанга чақирилган автомобиль йўл четида эмас, балки шундоқ ўртасида тўхтаган; бошқа бир вазиятда автомобиль ён йўлак бўш бўлганига қарамай, тирбанд қаторда туриб олган, шундан сўнг, ҳайдовчи мустақил равишда машинани бошқа йўлакка йўналтирган. 

Гарчси, компания раҳбарияти автомобилларнинг барча федерал ва давлат қонунларига мос келишини таъкидласа-да, Uber Калифорния штати транспорт воситалари департаментидан муқобил автомобиллар синовини ўтказиш учун рухсат ололмаган. 

Департамент муқобил автомобиль ишлаб чиқарувчиларидан штат ҳудудида ўтказиладиган синовлар ҳақида маълум қилишни талаб қилмоқда. Компаниялар барча автоҳалокатлар ёки ҳайдовчиларнинг бошқарувни ўз қўлига олишига тўғри келган барча ҳолатлар ҳақидаги ҳисоботни топширишлари лозим бўлади. 

“Йигирмата ишлаб чиқарувчи Калифорния кўчаларида автомобилларни синовдан ўтказиш учун рухсат олди. Uber ҳам шундай қилиши керак”, - деган Калифорния транспорт воситалари департаменти вакили. 

Август ойида Uber компанияси Volvo билан шартнома имзолаб, XC90 русумли юзта автомобиль харид қилган ва уларни муқобил бошқарув ускуналари билан жиҳозлаган эди. 

Uber илк маротаба муқобил автомобиллари синовини 2016 йил сентябрида Питтсбург шаҳрида бошлаган эди. 


 

Кўпроқ янгиликлар