АҚШда қатл этишлар миқдори 25 йилдаги энг паст даражагача тушиб кетди

Жаҳон 16 Декабрь 2016 2928
Фото: AP

АҚШда ижро этилган ўлим жазолари миқдори охирги 25 йилдаги энг паст даражагача тушиб кетди, деб хабар бермоқда Washington Post нашри.

Ўтган ҳафтада Алабама штатида Рональд Берт Смит исмли маҳбус қатл этилди. У жорий йилда қатл этилган 20-маҳбус бўлди. Жорий ойда АҚШда бошқа қатл этишлар режалаштирилмагани сабабли, Смит бу йилда қатл этилган энг сўнгги маҳбус бўлади. 

Ижро этилган ўлим жазоларининг камайиши АҚШ учун охирги йилларда барқарор тенденцияга айланди. Мана кетма-кет 4 йилдан бери ўтган йилга нисбатан қатл этишлар сони камайиб бормоқда.

Охирги чорак асрда энг кўп қатл этишлар 1999 йилда кузатилган, ўшанда 98 маҳбус қатл этилган. Энг кам қатллар эса 1991 йилда қайд қилинган – 14 нафар маҳбус.

Айни вақтда ўлим жазоси ижроси АҚШнинг 50 штатидан 31 тасида рухсат этилган, бироқ уни қўллаш АҚШ конституциясига 8-тузатиш билан чекланган: ўлим жазоси қотилликларни содир этганларга қўлланади.

 

Кўпроқ янгиликлар