АҚШлик боксчи Кроуфорд 50 кунга қамаладиган бўлди

Спорт 16 Декабрь 2016 3533
Фото: Reuters

Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBO) ва Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) версиялари бўйича 63,5 кг гача вазн тоифасида жаҳон чемпиони, америкалик боксчи Теренс Кроуфорд безорилик қилгани ва ўзганинг мулкига зарар етказгани учун 50 кунлик қамоқ жазосига маҳкум қилинди. Бу ҳақда Omaha World-Herald нашри хабар бермоқда. 

Таъкидланишича, 29 ёшли боксчи ушбу қоидабузарликни сентябрда содир этган. У Омаҳадаги машина устахоналаридан бирида ўзининг жияни учун автомобилни бўятишга буюртма берган. У қилинган ишга 2,5 минг доллар тўлаши керак бўлган. Бироқ боксчи буюртмани қабул қилиш вақтида автомобиль кўнгилдагидек бўялмаганини рўкач қилиб, хизмат ҳақининг ярминигина тўлаган. Сўнгра боксчи бу билан кифояланиб қолмай, дўстлари билан устахонани остин-устун қилган.  

Боксчи адвокати жазо ҳукми устидан шикоят бермоқчи.

Кроуфорд 11 декабрда америкалик боксчи Жон Молинага қарши жангда иккала унвонини ҳам ҳимоя қила олганди. Боксчи профессионал рингдаги барча 30 та жангини ғалаба билан якунлаб, мағлубият нималигини билмай келмоқда.

 

Кўпроқ янгиликлар