Бирлашган миллатлар ташкилоти уч йилдирки, учувчисиз парвоз қилувчи қурилмалардан тинчликпарвар амалиётларда ҳудуд разведкасини амалга оширишда фойдаланади. Яқинда ташкилот дронларни инсонпарварлик мақсадида ҳам қўллашни бошлаши мумкин. БМТнинг болалар жамғармаси ЮНИСЕФ 2017 йил апрелида Малавида синов ишларини ўтказади. Шу мақсадда бу ерда ҳаво йўлаги ташкил этилмоқда. 

"Малави ҳукумати ва ЮНИСЕФ дронлардан гуманитар мақсадларда фойдаланиш учун синов ўтказиш мақсадида ҳаво йўлаги ташкил этмоқда", - дейилади жамғарма сайтида. Хабарларга кўра, 40 кмлик ушбу йўлак Африкадаги биринчи ва дунёдаги илк гуманитар йўлаклардан бири бўлади. Синов ишларига эса хусусий компаниялар ва олий ўқув юртлари таклиф этилади. 

ЮНИСЕФда белгилаб олинган вазифаларга кўра, дронлар гуманитар амалиётлар доирасида видео ва фототасвирга олишда қўлланилади. Бундан ташқари, улардан мобил алоқа сигналларини кучайтириш мақсадида қайта узатувчилар сифатида фойдаланилади. Бу айниқса, тоғли ҳудудларда қўл келади. Ниҳоят, бу ўзиучар қурилмалар унча йирик бўлмаган юклар, хусусан, дори-дармонлар, эмдорилар ҳамда қон намуналарини ташийди. 

ЮНИСЕФда маълум қилишларича, дронлардан 2016 йил мартида ўтказилган синов лойиҳасида муваффақиятли фойдаланилган.