Буюк Британия ташқи ишлар вазирининг Европа ва Америка масалалари бўйича ўринбосари, Парламент аъзоси Алан Дункан бугун, 16 декабрь куни Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида хабар берилди. 

Манбага кўра, Алан Дункан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев инаугурациясидан кейин мамлакатимизга ташриф буюрадиган биринчи хорижий амалдор бўлади. 

Сэр Алан Дунканнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида мамлакат ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев ва Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев билан учрашиши кутилмоқда. 

"Ўзбекистонга ташриф буюриш ва Президент Мирзиёевни сайловдаги ғалабаси билан қутлаш имкони пайдо бўлганидан жуда хурсандман. Мен Президент бошлаб берган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлайман ва икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга умид қиламан. Бизнинг мудофаа соҳасидаги терроризм билан курашиш борасидаги узвий ҳамкорлигимиз минтақа хавфсизлигини таъминлашда аввалгидек муҳим аҳамиятга эгадир", - деди сэр Алан Дункан. 

Бундан ташқари, Дункан Ўзбекистон билан савдо алоқаларини ривожлантиришга ишонч билдирди. "Президентнинг бизнес-муҳитни яхшилаш ва мамлакатда хусусий сектор ролини кенгайтириш борасидаги қарори Британия компаниялари эътиборини мазкур катта ва ривожланаётган бизнесга қаратишда ёрдам беради", - дея қўшимча қилди у.