Европанинг Euro NCAP ташкилоти 2016 йилда ўтказган краш-тестлари натижасига хулоса ясади ва учта энг хавфсиз моделни танлаб олди. Ташкилот маълумотига кўра, Toyota Prius ва Hyundai Ioniq ҳамда ихчам Volkswagen Tiguan кроссовери энг хавфсиз автомобиллардир.

Умуман, жорий йилда Euro NCAP 18 та янги енгил автомобилни ва тўртта «оғир квадроцикллар» тоифасига мансуб транспорт воситасини синовдан ўтказган. 2016 йилги тест янги қоидаси ўтказилган бўлиб, якуний натижага пиёдалар қаршисида фавқулодда тўхташ тизимига берилган баҳо ҳам киритилган. 

Бундан ташқари, Euro NCAP «икки хил рейтинг» бўйича ҳам ҳужжат тўлдирган. Бунда автомобиль ишлаб чиқарувчилар икки турдаги машинани — арзон ва барча хавфсизлик тизимлари билан жиҳозланган намунасини тақдим этишлари мумкин бўлди. 

Toyota Prius

«Катта оилавий автомобиль» таснифида янги авлод Toyota Prius ғолиб чиққан. Euro NCAP ташкилоти қайд этишича, моделнинг энг арзони ҳам «Toyota Safety Sense» билан жиҳозланган. Бу тизим автомобилнинг пиёдани таний олиши ва олд томондан тўқнашувига йўл қўймайдиган тизим ҳисобланади. 

«Кичик оилавий автомобиль» таснифидаги энг яхши транспорт воситаси сифатида Жанубий Корея вакили ғолиб чиқди. Бу борада Hyundai Ioniq кўрсаткичларини такрорлайдиган топилмади. Гарчи, Euro NCAP моделнинг гибрид намунасини текширган бўлса-да, юқори натижалар Ioniq электромобилига ҳам тегишли эканини таъкидлади. 

Hyundai Ioniq

Ниҳоят, «энг хавфсиз кичик йўлтанламас» сифатида иккинчи авлод Volkswagen Tiguan кроссовери тан олинди. Мутахассислар, шунингдек, янги Mercedes-Benz E-Class натижаларини ҳам «ажойиб» деб тавсифлашган. Шунга қарамай, «Вакиллик автомобили» таснифидаги етакчилик унга тақдим қилинмаган. Чунки у Euro NCAP томонидан жорий йилда синалган ўз тоифасидаги ягона седан бўлган. 

Volkswagen Tiguan

Шу билан бирга, ҳозирча, «Катта йўлтанламас», «Ўта кичик автомобиль», «Минивэн», «Кичик минивэн» ва «Спорткар» тоифалари бўйича энг яхши автомобиллар эълон қилинмаган.