АҚШнинг Федерал қидирувлар бюроси афсонавий боксчи Муҳаммад Али ва унинг "Ислом миллати" диний ташкилоти билан алоқалари ортидан кузатув олиб борган, деб хабар бермоқда ФҚБ томонидан ошкор қилинган материалларга иқтибос келтирган ҳолда New York Times нашри.

Нашрнинг ёзишича, Алининг "Ислом миллати" билан алоқалари ҳақида илк бор унинг 1964 йилда Сонни Листон билан жангда жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритганидан кейин маълум бўлган. Ўшанда Али бу ташкилотнинг аъзоси эканлигини ва энди ўзини туғилганда берилган исми Кассиус Клей эмас, балки Муҳаммад Али деб чақиришлари кераклигини маълум қилган.

1966 йилда ФҚБ ҳужжатларда "буткул афроамериканча, ярим диний, оқларга қарши" деб эътироф этилган ушбу ташкилотга эътибор қаратган. ФҚБда ташкилотнинг етакчиси Элайжа Муҳаммад энг кўп қизиқиш уйғотган.

Ҳужжатларда бошқа маълумотлар билан бирга боксчи мухбирга ўз ортидан диктофон билан юришга ижозат бергани сабабли Али ва Муҳаммад ўртасида юзага келган зиддиятлар ҳақида маълумот бор. ФҚБни шунингдек Алининг армияга хизматга бориши-бормаслиги, айнан эса у "виждон нуқтаи назаридан" хизматга боришдан бош тортиши мумкинлиги қизиқтирган. Нашрнинг таъкидлашича, Али бир йил ўтиб ҳарбий хизматни ўташдан бош тортган ва шу сабабли чемпионлик унвонидан маҳрум этилган. 

Ҳужжатлар орасида шунингдек Али биринчи рафиқаси билан завжаси мусулмон ақидаларига кўра яшамагани, башанг кийингани ва лаб бўёғидан фойдалангани учун ажрашгани ҳақида маълумот ҳам бор.

Нашрнинг ёзишича, ФҚБ маълумотлардан бир қисмини ўз айғоқчиларидан, бир қисмини газета ва журналлардан олган ва шунинг учун ҳужжатларда баъзи миш-мишлар ҳам мавжуд. Мисол учун, Алининг Мисрнинг собиқ президенти Жамол Абдул Наср қизларидан бирига уйлангани ҳақидаги маълумот шундай уйдирмалардан биридир.

Таъкидланишича, Али "фаол кузатув объекти" бўлмаган, ФҚБни кўпроқ "Ислом миллати" қизиқтирган.  

Афсонавий боксчи 2016 йил июнда 74 ёшида АҚШнинг Финикс шаҳри шифохоналаридан бирида вафот этди.