АҚШ президентлигига Демократлар партиясидан собиқ номзод Ҳиллари Клинтон президентлик пойгаси вақтидаги хакерлик ҳужумлари ва уларга Владимир Путиннинг эҳтимолий алоқадорлиги юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтган. Унинг фикрича, бу ҳолат Россия етакчисининг ундан ранжигани сабаб рўй берди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.

Клинтон ҳомийларга аталган тадбирдаги нутқида Россия президентининг сайловларга шахсий аралашуви юзасидан илк изоҳларини берди. 

Учрашувда бўлган манбалар сўзларига кўра, у АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ҳақида бир оғиз ҳам гапирмаган, бироқ хакерлик ҳужумлари унинг сайловлардаги мағлубиятига сабаб бўлганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Путин Клинтондан қаттиқ ранжиган. Бу у Россияда 2011 йилги ўтказилган парламент сайловларини танқид қилгани сабаб юз берган экан.