Италиянинг Милан шаҳри ҳокими Жузеппе Сала вақтинча истеъфога чиқиши ҳақида баёнот берди. ОАВда «Экспо-2015» Бутунжаҳон кўргазмасидаги коррупцияга оид жиноий ишда бош гумонланувчи эканига доир хабарлар пайдо бўлгани Саланинг шундай қарор қабул қилишига сабаб бўлган. 

«Мен ОАВдан «Экспо»даги коррупция бўйича жиноий ишда айбланувчи бўлишим мумкинлиги ҳақида хабар топдим. Менда тергов жараёни ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Шунга қарамай, мен ҳоким лавозимини вақтинча тарк қилишга аҳд қилдим. Эрталаб аризамни шаҳар ҳокимлигига олиб бораман», — деб ёзган Сала Facebook саҳифасида. 

2015 йили Милан шаҳрида бўлиб ўтган «Экспо»да Сала Expo Spa компаниясида раҳбарлик лавозимида бўлган ва 2013 йилдан анжуманга тайёргарлик кўрган. 

Италия ОАВ хабарларига кўра, тергов томони шартнома қийматларини оширишни Саланинг шахсан ўзи мувофиқлаштирганини тахмин қилмоқда.