Остона шаҳрида Қозоғистон мустақиллигининг 25 йиллигига 70 метрли "Улы Дала Ели" ("Буюк далалар мамлакати")  ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳайкал 2017 йилда EXPO халқаро  кўргазмаси бўлиб ўтадиган ҳудудда қад кўтарди. Унинг очилиш маросими бугун, 16 декабрь куни давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев иштирокида бўлиб ўтди.

"Замонавий шаҳар бир неча марказга эга бўлиши керак. Биз эски шаҳар, эски майдондан бошладик. Чап қирғоққа ўтиб, шаҳримиз рамзи бўлган "Байтерек" ҳайкалини ўрнатдик. Кейин эса бунга "Казак ели" ("Қозоқ эли") ҳайкали, "Мангелик ел" ("Мангу эл") триумфал аркаси қўшилди", - деди Назарбоев очилиш маросимида. 

Нурсултон Назарбоев янги ҳайкал Қозоғистоннинг энг ривожланган 30 мамлакат рўйхатига кириш йўлидаги ҳаракатлари рамзи эканини эътироф этди. У ҳайкалнинг кўргазма ўтказиладиган ҳудудда ўрнатилиши рамзий аҳамият касб этишини таъкидлади. Зеро кейинги йилдан эътиборан бу ерга кўргазмани томоша қилиш учун дунёнинг турли бурчакларидан меҳмонлар ташриф буюради.  

"Улы Дала Ели"нинг барпо этилишига тахминан 3,5 ой вақт кетди. У қадимги даврлардан машҳур бўлган каррара мармаридан бунёд этилди. Манбага кўра, тошларнинг умумий миқдори - 1319 дона.

Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа республикада ўтказилган танловда ғолиб бўлган. Унинг муаллифи - Едил Алимбеков.