Япония ва Россия Федерацияси президент Владимир Путиннинг ташрифи давомида деярли 60 та келишувга имзо чекади. Уларга кўра, япон томонидан инвестициялар ҳажми 300 миллиард иен (2,54 миллиард доллар)ни ташкил қилади. Бу ҳақда NHK телеканали ҳукуматдаги манбаларга асосан хабар берган.

Унинг маълумотларига кўра, имзо қўйишга тайёрлаб қўйилган ҳужжатларда япон инвестицияларини Сибирь шарқий қисмидаги кўмир конларига жалб этиш, шунингдек, Арктикадаги суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқишга кредит ажратиш назарда тутилган. Бундан ташқари, 10 дан ортиқ ҳукуматлараро битим имзоланиши кутилмоқда. 

Москва ва Токио ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик Синдзо Абэ томонидан Путинга Сочи шаҳрида 6 май куни таклиф этилган саккиз банддан иборат режа асосида ривожланмоқда. У ўз ичига икки мамлакатнинг энергетика, кичик ва ўрта бизнес, Узоқ Шарқни саноатлаштириш, экспорт базасини кенгайтириш каби масалаларни қамраб олган. 

Токио Абэ томонидан таклиф этилган иқтисодий ҳамкорлик режасини амалга ошириш тинчлик битими борасидаги музокаралар жараёнини енгиллаштиришига умид қилмоқда.