2016 йил 16 декабрь куни халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакат жанубий ҳудудининг улкан иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича бошланган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари туфайли шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳолининг ҳаёт даражаси юксалмоқда.

Вилоятда сўнгги йилларда амалга оширилган энг катта лойиҳалардан бири божхона терминали бўлган «Termez Cargo Сentre» халқаро логистика марказидир.

Катта миқдордаги юкларга ишлов бериш ва уларни тушириш-ортиш ишлари амалга ошириладиган мазкур корхона ҳудудида божхона терминали биноси, 300 катта юк машиналарига мўлжалланган жой, автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияси, контейнер ва бошқа юкларни сақлаш омборлари жойлашган, бу ерга темир йўл линияси олиб кирилган.

Бундай мажмуаларнинг барпо этилиши тадбиркорлар учун яратилган шароитларни янада яхшилаш, хорижий давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, мамлакатимиз транзит салоҳиятини юксалтириш имконини беради.

Йиғилишда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, истиқболли янги саноат объектлари барпо этиш, ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

"Сурхондарё вилоятининг унумдор тупроғидан, қуёшли иқлимидан оқилона ва самарали фойдаланишимиз керак. Вилоятда 2019 йилгача босқичма-босқич 26 минг 800 гектар, жумладан, 2017 йилда 18 минг гектар пахта майдони қисқартирилади. Унинг ўрнига мева-сабзавот етиштирувчи фермер хўжаликлари ташкил қилинади", деди Президент.

Мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда фермерлик ҳаракатининг аҳамияти катта экани алоҳида таъкидланди.

Президент вилоятда йўл қўйилган камчилик ва мавжуд муаммолар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Бошқа ишга ўтгани муносабати билан Тожимурод Мамараимов Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимидан озод қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Навоий вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Эркин Турдимов Сурхондарё вилояти ҳокими этиб сайланди.

Шеробод тумани ҳокими Абдуҳаким Эшмуродов, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси ўринбосари Орзиқул Соатов, Термиз давлат университети профессори Сайфулла Турсунов, Маннон Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма театри бош режиссёри Мансур Равшанов ва бошқалар Президент нутқида баён этилган танқидий фикрлардан зарур хулосалар чиқариб, кўрсатиб ўтилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган долзарб вазифаларни муваффақиятли адо этиш учун Сурхондарё аҳли астойдил меҳнат қилади ва кўзланган марраларга албатта эришади, деб таъкидлади.